Мустақиллик солномаси: Энергетика соҳасидаги 35 муҳим факт
Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан буён энергетика соҳаси мамлакат тараққиётининг муҳим таянчларидан бирига айланди. Ўтган 35 йиллик давр миллий энергетика тизимини шакллантиришдан тортиб, замонавий ва технологик жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишгача бўлган улкан ўзгаришлар даври бўлди.
Бу йиллар давомида нефть-газ саноати ривожланди, янги электр станциялари барпо этилди, мавжуд қувватлар модернизация қилинди, электр узатиш тармоқлари янгиланди. Айниқса, сўнгги йилларда соҳада туб бурилиш юз бериб, хусусий ва хорижий инвестициялар кенг жалб қилинди, қуёш ва шамол энергетикаси жадал ривожланди, гидроэнергетикада янги қувватлар яратилди, энергия сақлаш тизимлари ва рақамли технологиялар жорий этилди.
Бугун мамлакат энергетикасидаги ўзгаришлар нафақат ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажми ва янги қувватлар, балки тармоқларнинг янгиланиши, истеъмолчилар учун хизматлар сифатининг ошиши ва “яшил” энергетика улушининг ортишида ҳам намоён бўлмоқда.
Шу 35 йиллик тараққиёт йўлининг энг муҳим босқичлари ва натижаларини 35 та асосий янгилик асосида эслаймиз.
1. 1991 йил – Миллий энергетика тизимини шакллантириш бошланди.
Мустақилликка эришилгандан сўнг Ўзбекистон ёқилғи-энергетика ресурсларини мустақил бошқариш ва мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлашга қаратилган миллий тизимни шакллантира бошлади.
2. 1992 йил – “Ўзбекнефтгаз” миллий нефть-газ тизимининг асоси яратилди
1992 йил 3 майда “Ўзбекнефтгаз” нефть ва газ саноати давлат концерни ташкил этилди. Шу йил 23 декабрда у “Ўзбекнефтгаз” нефть ва газ саноати Миллий корпорациясига айлантирилди. Бу мустақил Ўзбекистон нефть-газ тармоғининг миллий бошқарув тизимини шакллантиришда муҳим қадам бўлди.
3. 1997 йил – Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилди.
1997 йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилди. Корхона Ўзбекистонда нефть хомашёсини замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш имкониятларини кенгайтирган муҳим саноат объектларидан бирига айланди. Бугун завод республика нефть маҳсулотлари бозоридаги асосий корхоналардан бири ҳисобланади.
4. 1997 йил – Кўкдумалоқ конида замонавий газ инфратузилмаси яратилди.
1997 йилда Кўкдумалоқ конида хорижий технологиялар асосида компрессор станцияси ишга туширилди. Бу лойиҳа Ўзбекистон нефть-газ саноатига хорижий технология ва инвестицияларни жалб этишнинг дастлабки йирик қадамларидан бири бўлди.
5. 1999 йил – Хўжаобод ерости газ сақлаш омбори ишга туширилди.
1999 йилда Хўжаобод ерости газ сақлаш омбори фойдаланишга топширилди. Унинг ишга туширилиши табиий газни захиралаш ва истеъмолнинг мавсумий ўзгаришларини барқарор таъминлаш имкониятларини кенгайтирди.
6. 2001 йил – Шўртан газ-кимё мажмуаси фойдаланишга топширилди.
2001 йилда Шўртан газ-кимё мажмуаси ишга туширилиб, табиий газни чуқур қайта ишлаш ва ундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар олишга ўтиш учун муҳим замин яратилди. Кейинчалик мажмуада полиэтилен ишлаб чиқариш қуввати йилига 125 минг тоннага етказилди. Бугун Шўртан газ-кимё мажмуаси Ўзбекистон нефть-газ ва кимё саноатининг йирик корхоналаридан бири ҳисобланади.
7. 2003 йил – Шўртан конида газни сиқиш инфратузилмаси ривожлантирилди.
2003 йилда Шўртан конида газни сиқиш компрессор станцияси ишга туширилди. Бу газ қазиб чиқариш ва уни тайёрлаш жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилган муҳим инфратузилма лойиҳаларидан бири бўлди.
8. 2017 йил – “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил этилди.
Гидроэнергетикани ягона тизим асосида ривожлантириш ва янги ГЭСлар қурилишини жадаллаштириш учун алоҳида тизим шакллантирилди.
9. 2018 йил – Электр энергетикасида хусусий инвестиция ва давлат-хусусий шериклик учун янги босқич бошланди.
Электр энергетикасида хусусий капитал иштирокини кенгайтириш ва янги генерация қувватларини барпо этиш учун ҳуқуқий ва институционал асослар кучайтирилди.
10. 2019 йил– Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилди.
Ёқилғи-энергетика соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи марказий орган шаклланди.
11. 2019 йил – “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ташкил этилди.
12. 2019 йил – Қайта тикланувчи энергияни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси яратилди.
2019 йил 21 майда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги ЎРҚ-539-сон қонун қабул қилинди. Қонун қуёш, шамол, гидро ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш, соҳада инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳуқуқий механизмларни белгилаб берди.
13. 2019 йил – Электр энергетикасига йирик хусусий инвестициялар кириб келиши бошланди.
Давлат-хусусий шериклик асосида бир йилнинг ўзида 2 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция ва 2700 МВт қувватли 6 та станция лойиҳаси бошланди.
14. 2020 йил – Электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бошланди.
Соҳада бошқарувни такомиллаштириш, корхоналар самарадорлиги ва молиявий барқарорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар кучайтирилди.
15. 2021 йил – Электр энергияси ва табиий газни автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимлари жорий этилди.
2018 йилда АЭКУЭ ва АСКУГ орқали истеъмолни рақамли ҳисобга олиш, назорат қилиш ва ҳисоб-китобларни автоматлаштириш бошланди. 2021 йилга келиб миллионлаб истеъмолчилар замонавий ҳисоблагичлар билан қамраб олинди.
16. 2021 йил – “Uzbekistan GTL” заводи ишга туширилди.
Марказий Осиёдаги ягона, жаҳондаги йирик GTL лойиҳаларидан бири ишга туширилиб, йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш орқали авиакеросин, дизель ёнилғиси, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
17. 2021 йил – Карманада Ўзбекистондаги биринчи йирик қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.
Қуввати 100 МВт бўлган станция мамлакатда саноат миқёсидаги қуёш энергетикасига ўтишнинг муҳим босқичи бўлди.
18. 2021 йил – Аҳоли хонадонларидаги қуёш панелларидан ишлаб чиқарилган электрни давлат томонидан сотиб олиш амалиёти бошланди.
Аҳолини қуёш панелларини ўрнатишга рағбатлантириш ва хонадонларни кичик энергия ишлаб чиқарувчига айлантириш механизми жорий этилди.
19. 2021 йил – Гидроэнергетикада янги қувватлар барпо этилиб, мавжуд ГЭСлар модернизация қилинди.
2021-2025 йилларда янги қурилган ва модернизация қилинган ГЭСлар ҳисобига электр тизимига қўшимча 510 МВт тоза энергия қуввати қўшилди.
20. 2022 йил – Қуёш ва шамол энергетикасига йирик хорижий инвестициялар жалб қилишнинг амалий босқичи кенгайди.
Халқаро компаниялар иштирокида Ўзбекистонда йирик қуёш, шамол ва иссиқлик электр станциялари лойиҳалари портфели шаклланди.
21. 2023 йил – Йирик қуёш ва шамол электр станцияларининг биринчи катта тўлқини ишга туширилди.
Жиззах, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарёда йирик қуёш станциялари, Навоийда шамол электр станцияси тармоққа уланди.
22. 2023 йил – Қайта тикланувчи энергетикани жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастур қабул қилинди.
Қуёш ва шамол электр станциялари қувватларини кескин ошириш, янги “яшил” генерация объектларини ишга тушириш бўйича йирик мақсадлар белгиланди.
23. 2023 йил – Электр энергияси бозорини ислоҳ қилишнинг янги босқичи бошланди.
2023-2024 йилларда Электр энергетикасида рақобатни кучайтириш, хусусий сектор иштирокини ошириш ва бозор механизмларини жорий этишга қаратилган ислоҳотлар бошланди.
24. 2024 йил – Қуёш ва шамол энергетикасида йирик қувватлар ишга туширилди.
2024-2025 йилларда умумий қуввати 5582 МВт бўлган 15 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси ишга туширилди.
25. 2024 йил – Энергия сақлаш тизимлари энергетика тармоғига кириб келди.
2024-2025 йилларда умумий қуввати 1545 МВт бўлган 12 та энергия сақлаш тизими ишга туширилди. Улар истеъмол юқори бўлган вақтларда тармоқни барқарорлаштириш ва захира қувват яратишга хизмат қилмоқда.
26. 2025 йил – Электр энергетикасида 13,4 ГВт янги генерация қуввати яратилди.
2017-2025 йилларда энергия сақлаш тизимлари билан бирга янги қувватлар ҳажми 15 ГВтга етди. Таққослаш учун, 1991-2016 йилларда 3,3 ГВт қувват ишга туширилган.
27. 2025 йил – Электр узатиш тармоқларини янгилаш кўлами кескин ошди.
2017-2025 йилларда умумий узунлиги 77 минг км электр узатиш тармоқлари янгиланди. Натижада 8 мингдан ортиқ маҳалланинг электр таъминоти яхшиланди.
28. 2025 йил – Электр энергияси ишлаб чиқариш 46 фоизга ошди.
2017-2025 йилларда йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 59 миллиард кВт·соатдан 2025 йилда 86,7 миллиард кВт·соатга етди.
29. 2025 йил – Электр тармоқларида трансформатор ва подстанциялар кенг кўламда янгиланди.
2017-2025 йиллар давомида мамлакат бўйлаб 24 мингта трансформатор пункти янгиланди. 1991-2016 йилларда 4800 та трансформатор пункти янгиланган.
30. 2026 йил – Аҳоли хонадонларидаги қуёш панелларидан давлатга электр сотиш ҳажми кескин ошди.
2023-2025 йилларда жисмоний ва юридик шахсларга тармоққа узатилган электр энергияси учун жами 462,1 миллиард сўм тўлаб берилди. Шундан “Қуёшли хонадон” дастури доирасида аҳолига 222,9 миллиард сўм, юридик шахсларга эса 239,3 миллиард сўм тўланди. 2026 йил январь-июль ойларида эса тўловлар ҳажми кескин ошди, яъни жами 632,7 миллиард сўмни ташкил этди. Шундан аҳолига 436,7 миллиард сўм, юридик шахсларга 196 миллиард сўм тўланди.
31. 2026 йил – Ўзбекистондаги электр станцияларининг умумий ўрнатилган қуввати 27,3 ГВтдан ошди.
Бугунги кунда мамлакатда 157 та электр станцияси мавжуд бўлиб, уларнинг умумий ўрнатилган қуввати 27 343 МВтни ташкил этмоқда.
32. 2026 йил – Қуёш ва шамол энергетикасида янги натижа қайд этилди, яъни 7,5 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
2026 йил январь-июль ойларида йирик қувватли қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 7,5 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоиз кўп.
33. 2026 йил – Кичик қувватли қуёш энергетикасида 2,5 ГВтдан ортиқ янги қувват яратилди.
2026 йил 13 август ҳолатига кўра, 2023-2026 йилларда республика бўйича жами 2 508 МВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди. Ушбу панеллар ҳисобидан 4 миллиард 715 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
34. 2026 йил – Қайта тикланувчи энергиянинг энергетика балансидаги аҳамияти кескин ошди.
Йирик “яшил” лойиҳалар натижасида 2030 йилга бориб йилига 60 миллиард кВт·соат қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу йилига қарийб 15 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини беради.
35. 2026 йил – Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясининг биринчи энергия блоки қурилишига старт берилди.
Атом энергетикаси мамлакат ёқилғи-энергетика тизимининг янги йўналиши сифатида амалий босқичга ўтди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА