Мустақиллик нима берди? Мулоҳаза
Мана яна тонг отади, кеч бўлади ва яна бир кун тарихга айланади. Бугун мустақиллик байрамини отамсиз кутиб олганимга йигирма уч йил, онамсиз қарши олганимга эса олти йил бўлди. Бу шунчаки рақамлар эмас. Бунинг ортида ҳам қувончли, ҳам ғамгин кунлар борлиги кино тасмасидек кўз олдимдан ўтади.
Мустақиллик бизга нима берди, деган савол тинчлик бермайди гоҳида. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Мустақилликка биз нима бердик, деган саволни ҳеч ўйламаймиз ёки истамаймиз.
Мустақиллик бизга озодликни, эркни, тўғри сўзни айтишни, адолатни, тинчликни, эркин билим олишни, дунёга чиқишни, қадриятни асрашни, сўз эркинлигини, она тилимизни, ҳуқуқ ва бурчни берди... ва яна санаб адоғига етиш мумкин бўлмаган жиҳатлар қанча.
1989 йил. Укам Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ҳарбий хизматни ўтаётган вақтлар. Она нима бўлса-да, она-да. Онам укам ҳақида кўп ўйлардилар. Аскар бўлиш осонмас, машаққати бор. Қорни тўймайди, уйқусида ҳаловат бўлмайди, деб сиқиларди. Бир куни отам, “Ҳаракатингни қил, бориб келамиз, кўзинг билан кўриб келасан”, дедилар.
Онам етти ёшларидан қўлларига кетмон олиб, дала юмушига чиққанлар. Машинага миниб бирор жойга борсалар уч кун бетоб бўлардилар. Самолётни узоқдан кўрсалар қулаб кетмасмикан, деб ҳайратга тушар эдилар.
Хуллас, отам амаким билан укамни кўришга Озарбайжон томон йўлга тушишди. Икки кун командирларни меҳмон қилиб, ўн беш кун муддатга укамга отпуска олиб уйга олиб келишди. Онамнинг хурсандчиликларининг чеки йўқ. Муддат тугагач укамни яна хизматга кузатдик. Укам рус тилини билмагани учун хизматда анча қийналган экан.

Бир куни мактуб ёзишга ўтирдим-у, энг биринчи ёзган жумлаларим шундай бошланди: “Укажон, жигарим, бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу хабар ҳамма жойда эълон қилинди. Бу ёғи энди яхши бўлиши тайин...”. Бу сўзларни ёзяпман-у, ўзимни энтикиш ҳисси чулғаб олганди. Мактубга қўшиб матбуотда чоп этилган матнни ҳам жойладим.
Бу кунларни халқимиз неча йиллар умид ва изтироб билан кутган. Ўшанда мустақиллик йўлида ташланган бу илк қадамлар бугун бўй кўрсатди.
Олий ўқув юртининг кечки бўлимида ўқирдим. Кундуз куни “ТашОРМЗ” номли заводда ишлардим. Ҳафтада тўрт кун талабалар шаҳарчасига қатнаб, тўқимачилик корхонасидан Қўйлиқ бозорига қайтадиган энг сўнгги автобусга аранг илиниб, ҳалқа йўли ёқасида тушиб, тўрт чақирим жойдан уйга пиёда қайтаман. У пайтларда кўчалар қоронғи, машиналар тунда умуман бўлмасди. Борлари ҳам йўловчини олиб кетишга ҳайиқарди.

Шундай кунларнинг бирида онам шўрлик отамнинг ҳайбатидан чўчиб, мени кутиб олиш учун ҳалқа йўл томонга борибдилар. Қоронғида бир шарпага кўзим тушди ва сесканиб кетдим. Шунда “Асрор сенмисан”, деган садо келди. Онам қуёш чиқмасдан то кўз кўргунча далада бўлиб, яна ярим тунда мени кутишга чиққан экан. Ўшанда онамга, “Мен ёш боламанми, шу ергача келган, уйга боролмайманми”, деб зарда қилганимни бот-бот эслайман ва бундан афсус қиламан. Ҳозир ўша зимистон кўчалар чароғон ва Хонобод аҳлининг тушига кўрмаган ер усти метроси кўзни қувнатиб шамолдай елиб бормоқда.
Отам дўкондор бўлганлар. Фарзанд учун уй-жой қуриш, уйлаш, келажакдаги камолини кўриш орзуси билан яшаган одамлар қатори ота-онам ҳам меҳнат қилиб уй солишган. Маҳаллада пишиқ ғиштдан саноқли одамлар уй кўтарган пайтлар. У ҳам, бўлса, бузилган иморатлардан йиғиб олинган эски ғиштлардан қурилган. Фалончи пишиқ ғиштдан уй солибди, тунука билан том ёпибди деса, шов-шув бўлар эди. Бугун ўша уйлар ҳозирги замонавий уйлар олдида кичик бир ҳужра бўлиб қолди. Ҳозир эса исталган лойиҳа асосида, исталган материал билан уй қуриш мумкин ва бунга имконият ҳам бор.
Қишлоқ жойда яшагандан кейин деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиш оилаларга фақат даромад ва фойда олиб келади. Етиштирилган ҳосилни тонг саҳарлаб бозорга олиб бориш сотиш керак, албатта. Пишиқчилик бошланган пайтларда кунда, кунора маҳсулотни машинага жойлаб бозорга томон йўл оламиз. Шундай кунларнинг бирида тонгда машинани ўт олдириб турсам, бир девор қўшним чиқиб, “Жуда жонга тегдинг-да, саҳарлаб уйқуни бузасан. Бу шалоғи чиққан тракторга ўхшаб тириллайдиган аравангдан қачон қутиламиз”, деб “Жигули” машинамга ишора қилди. Қўшнига эътироз билдирмадим-да кўнгилдан ўтказдим, вақти келиб яхшиси ҳам бўлиб қолар. Ҳозир, қўшнимнинг уйқуси бузилмайди, ҳеч ким безовта бўлмайди. Машинанинг товуши у ёқда турсин, юриб кетаётгани ҳам сезилмайдиганларига ҳам эришдик.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу ниманинг шарофати, албатта, мустақилликнинг, у берган тинчликнинг шарофати.
Ижтимоий тармоқларда, теле ва радио тўлқинларида, турли матбуот нашрларида, кўплаб ҳудудларда қўпорувчилик, тинчликни, одамлар ҳаётини бузадиган. ёшлар тарбиясига рахна солувчи кучларнинг гиёҳвандлик моддалари савдоси, уни етиштириш, сотиш ва тарқатиш билан шуғулланувчи кимсалар ҳақидаги янгиликларга тез-тез гувоҳ бўламиз. Бу каби ҳолатларга кўз юмиб бўлмайди.
Айтганимдек, биз мустақилликка нима бердик? Бу ҳақда ҳар биримиз ўйлашимиз зарур. Мустақилликни асрашимиз ва келажак авлодга имкон қадар гард юқтирмасдан етказишимиз лозим. Дунёда иккита энг олий неъмат бор. Бири тан саломатлиги бўлса, иккинчиси Ватан осойишталиги. Кексаларимиз дуоларига қулоқ солганмисиз. Аввало, юртга тинчлик сўралади, сўнг танимизга соғлик. Бу бежиз эмас. Бу ҳар иккиси бир-бирини тўлдириб келадиган олий, бебаҳо неъматлардир.
Мустақиллик шарофати билан бугунги кунда қаерга қўлимизни чўзсак етмоқда. Фақат шу юртни ўзига Ватан деб билган, шу юрт учун жонини тикадиган ҳар бир киши бепарво ва лоқайд бўлмаслиги, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлмоғи даркор.
Қийинчилик билан эришилган ҳар бир неъмат қадрли бўлгани каби мустақил бўлиш ҳам осон кечмади. Унинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидай асраш ёшу кексанинг зиммасида. Буни чуқур англаб яшаш учун ҳаммамизда етарли салоҳият, тушунча, тажриба ва ирода бўлиши керак.
Мустақиллик биздан ҳеч нарса сўрамайди. Лекин у бизга кўп нарса берди. Берганда ҳам жуда кўп. Бунинг қадрига етиш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Асрор Сулаймонов,
ЎзА