Мустақиллик, бу – ўзлигимиз ва маънавий қадриятларимиз руҳи билан яшаш
Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Ўзбек халқи учун мустақиллик кўп йиллар давомида интиқлик билан кутилган, озод Ватан қуриш сари қўйилган тарихий қадам, фаровон ҳаёт ва чегаралар дахлсизлиги тимсоли, эркин тараққиёт йўлидаги бебаҳо неъматдир.
Дунёда Ўзбекистон Республикасининг расман мустақил давлат сифатида тан олиниши 1991 йилда юз берди ва бу сана юртимиз тақдирида тамомила янги даврни бошлаб берди. Мустақилликнинг ҳуқуқий пойдевори эса 1992 йилда қабул қилинган Конституция орқали мустаҳкамланди.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган “Янги Ўзбекистон стратегияси” мустақиллик ғоясини мазмунан бойитди. Инсон қадри, адолат ва қонун устуворлиги каби тамойиллар асосида янги давлат бошқаруви модели шакллантирилди, иқтисодиёт диверсификация қилинди, инфратузилма янгиланди, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими халқаро стандартлар асосида тубдан ислоҳ этилди.

Тарихий тажрибага кўра, ривожланган давлатлар ўз тараққиётини биринчи навбатда таълим тизимини ривожлантириш, замонавий билим ва технологияларни жорий этиш орқали таъминлаган. Ушбу ҳақиқатни англаган жадидлар ҳаракатининг йирик намояндаси Абдулла Авлоний “Таълим ё ҳаёт, ё мамот, ё ҳалокат, ё саодат масаласидир”, дея аниқ ифода этгани, бежиз эмас.
Миллат истиқболи ва мамлакатнинг иқтисодий-маънавий қудрати ёш авлод тарбияси, қандай таълим олишига бевосита боғлиқ. Шу боис давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда таълимга устувор аҳамият қаратилиб, у замонавий тараққиётнинг асосий шарти, жадидлар орзусининг амалий рўёби этиб белгиланди.
Яъни улкан институционал ислоҳотлар самарасида олий таълим тизими тубдан янгиланмоқда. Жумладан, ОТМларга молиявий ва академик эркинликлар берилмоқда, талабалар қамрови кенгайиб, хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар жорий этилмоқда, таълим сифати халқаро стандартлар асосида баҳоланмоқда.
Дарҳақиқат, бугун дунё билан интеграциялашмай туриб, тараққиётга эришиш қийин. Мустақил тараққиёт шароитида фан ва таълимнинг иқтисодиёт билан интеграцияси янада мустаҳкамланди. Илгари саноқли бўлган олий таълим муассасалари ўрнига соҳалар бўйича ихтисослашган, технологик ва илмий-инновацион ривожланишни таъминлайдиган замонавий университетлар тизими шакллантирилди.
Олий таълим муассасалари фақат диплом тақдим этувчи эмас, балки илмий-интеллектуал тараққиёт, инновация ва рақобатбардош кадрлар салоҳиятини юксалтирувчи, ишлаб чиқаришга йўналтирилган амалий стратегик марказларга айланмоқда.
Янги Ўзбекистон шароитида таълим энди ички модернизация объекти эмас, балки глобал таълим ҳамжамияти билан тўлиқ интеграция жараёнига қўшилган стратегик восита бўлмоқда. Халқаро университетлар билан қўшма дастурлар амалга оширилиб, академик мобиллик кенгайди, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви изчил йўлга қўйилмоқда.
Миллий университетлар халқаро нуфузга эга шерикка айланиб, ректорлар форумлари, таълим саммитлари ва академик конференциялар доимий равишда ўтказилмоқда. Бундай институционал жараён Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги илмий ва таълимий нуфузини мустаҳкамлаб, билимлар экспортини рағбатлантирмоқда.
Айтиш мумкинки, мустақилликнинг ҳақиқий мазмуни ўз ресурслари ва имкониятларига таяна олган, инновация ва замонавий билимларга асосланган миллий тараққиётда.
Шу маънода мактабгача таълим тизимида қамров 2016 йилдаги 27 фоиздан 2024 йилда 76 фоизга етди, бу эса мактабгача ёшдаги болаларнинг тўлақонли ривожланиши, уларни эрта таълим жараёнига жалб этиш ва замонавий педагогик методлар асосида тарбиялаш учун мустаҳкам замин яратди.
Олий таълим қамрови эса 2016 йилдаги 9 фоиздан 2024-2025 ўқув йилига келиб 43 фоизга етди, бу эса ёшлар учун академик ва касбий ривожланиш имкониятлари кескин кенгайганидан далолат.
Мухтасар айтганда, мустақиллик халқнинг маънавий эҳтиёжи ва миллий абадийлигини таъминлаш билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг глобал тараққиёт жараёнларида муносиб ўрин эгаллаши учун стратегик ва мафкуравий асосдир.
Айни жараёнларни ўзига жамлаган ҳолда, инсон қадрини улуғлаш ғояси ва Президентимиз илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили таълим сиёсатида амалий ифодасини топмоқда.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ
Ўзбекистон Республикаси
олий таълим, фан ва инновациялар вазири.
ЎзА