Мустақиллик байрами фидойилик ва бунёдкорлик руҳида кутиб олинмоқда
Мустақиллик — бу шунчаки тарихий сана эмас. У миллатнинг эркин иродаси, халқнинг юксак орзу-интилишлари ва келажакка бўлган мустаҳкам ишончининг тимсолидир. Ўтган 35 йил давомида Ўзбекистон улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш ва замонавий давлат барпо этиш йўлида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, Президентимиз раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, ҳар бир маҳаллада обод ва фаровон муҳит яратишга қаратилган эзгу ташаббуслар бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Шу боис мамлакатимиз бўйлаб нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги умумхалқ байрами ҳар бир шаҳар ва қишлоққа янгича руҳ, янгича нафас олиб кирмоқда. Бу йилги байрамнинг “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу шиори ҳам юртдошларимизни ягона мақсад йўлида бирлашишга, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундайди. Ушбу шиор юртимизда яшовчи турли миллат ва элат вакилларининг аҳиллиги, бағрикенглиги, ўзаро ҳурмати ва бирдамлигини ифода этади. Зеро, мустақилликнинг энг катта кучи ҳам халқ бирлигидадир.
Бухоро вилоятининг чекка ҳудудларидан бири — Қоракўл туманида ҳам улуғ байрамни муносиб кутиб олиш мақсадида тайёргарлик ишлари кенг кўламда давом этмоқда. Туманнинг марказий кўчалари, давлат идоралари, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳамда жамоат бинолари Давлат байроғи, миллий рамзлар ва байрам шиорлари билан безатилиб, ҳудудларга янада кўркам ва файзли қиёфа бағишламоқда.

Айниқса, кўкда ғурур билан ҳилпираётган муқаддас Давлат байроғимиз, обод маҳаллалар, гулларга бурканган хиёбонлар ва байрамона безатилган масканлар ҳар бир инсон қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини янада юксалтирмоқда. Бу манзаралар мустақилликнинг ҳақиқий қадрини, тинчлик ва осойишталикнинг беқиёс неъмат эканини яна бир бор намоён этади.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ободончилик ва бунёдкорлик ишлари бугун ҳар бир ҳудуд қиёфасида яққол намоён бўлмоқда. Маҳаллаларни обод қилиш, кўчаларни кўкаламзорлаштириш, инфратузилмани янгилаш, ижтимоий объектларни замонавий қиёфага келтириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш борасидаги ишлар Қоракўл туманида ҳам уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар фақат байрам учун эмас, балки инсонларга муносиб ҳаёт шароитини яратиш, юрт ободлиги ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли сиёсатнинг амалий ифодасидир.

Мустақиллик байрами арафасида туманда ташкил этилаётган ҳар бир ободончилик тадбири, ҳар бир таъмирланган йўл ёки безатилган маскан Ватанга муҳаббатнинг амалий кўриниши сифатида қадрланмоқда. Чунки юрт ободлиги ҳар бир фуқаронинг масъулияти ва фахридир.
Бугун Қоракўлда ҳукм сураётган кўтаринки кайфият, меҳнатсеварлик ва бирдамлик муҳити мустақиллик ғояларининг ҳаётимизга чуқур сингганини яна бир бор тасдиқламоқда. Байрамга тайёргарлик жараёнлари нафақат ҳудудга кўрк бағишламоқда, балки одамларни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштириб, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири