Мустаҳкам оила — жамият пойдевори
Оқолтин туманида оила институтини мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш ва оилавий қадриятларни тарғиб қилиш мақсадида "Оила муқаддас даргоҳ, ажрим ечим эмас" мавзусида маънавий-маърифий учрашув ҳамда яраштирув суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева, туман бош имом-хатиби, отинойилар, “Оқила аёллар” ҳаракати фаоллари, маҳалла раислари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Учрашувда оиланинг муқаддаслиги, эр-хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва масъулият, фарзандлар тарбиясида соғлом маънавий муҳитнинг аҳамияти, шунингдек, ажримларнинг салбий оқибатлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Таъкидланганидек, оилавий келишмовчиликларни ўзаро мулоқот, муроса ва сабр-тоқат орқали бартараф этиш мумкин. Зеро, ҳар бир сақлаб қолинган оила фарзандлар бахти, маҳалла тинчлиги ва жамият барқарорлигининг муҳим гаровидир.
Тадбир доирасида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари чуқур ўрганилди. Суҳбатлар давомида иштирокчиларга ҳуқуқий, психологик ва маънавий маслаҳатлар берилиб, оилавий муносабатларни тиклаш юзасидан амалий тавсиялар билдирилди.

4 та оила билан яраштирув ишлари олиб борилди. Шундан 1 та оила яраштирилди, 1 та оилага муносабатларни тиклаш учун муддат берилди, 2 та оилага эса ҳуқуқий тушунтиришлар ва тегишли тавсиялар тақдим этилди.

Тадбир доирасида “Янги давр” маҳалла фуқаролар йиғинида тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган ҳамда ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи хотин-қизлар билан ҳам мулоқот ўтказилди. Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Наргиза Тожибоева уларнинг яшаш шароити ва муаммолари билан яқиндан танишиб, ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилади.

Учрашувлар давомида аёлларга “Ҳимоя ордери” олиш тартиби, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари, психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича мавжуд имкониятлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

— Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева иштирокида ўтказилган мазкур учрашувнинг асосий мақсади ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг муаммоларини жойида ўрганиш, уларни ҳуқуқий, психологик ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, энг муҳими, оилаларни сақлаб қолишга кўмаклашишдан иборат бўлди. Бундай манзилли мулоқотлар ҳар бир ҳолатга индивидуал ёндашиш, келишмовчиликларнинг асл сабабларини аниқлаш ва уларни муроса йўли билан ҳал этиш имконини беради. Бугунги суҳбатлар натижасида бир оиланинг яраштирилгани, яна бир оилага муносабатларни тиклаш учун муддат берилгани профилактик ишлар самара бераётганини кўрсатди. Зеро, ҳар бир сақлаб қолинган оила — фарзандлар бахти, маҳалла осойишталиги ва жамият барқарорлигининг муҳим кафолатидир. Шу боис оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган бундай учрашувлар ва яраштирув тадбирлари келгусида ҳам изчил давом эттирилади, — деди Оқолтин тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шоира Қаршибоева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири