Мусиқали фавворалар Нурафшонни нурга тўлдирди
Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан аҳоли ва шаҳар меҳмонлари учун яна бир замонавий кўнгилочар маскан барпо этилди. “Янги Ўзбекистон” боғидаги сунъий кўл ҳудудида узунлиги 70 метр бўлган замонавий мусиқали фавворалар мажмуаси очилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган байрам тадбирида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, ҳудуд фаоллари, нуронийлар ва ёшлар қатнашди.

Мазкур фавворалар мажмуи Нурафшон шаҳрининг замонавий қиёфасини янада бойитиб, аҳоли учун мазмунли ҳордиқ чиқариш, сайр қилиш ва бўш вақтни самарали ўтказиш имкониятларини кенгайтирмоқда. У замонавий технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, сув, ёруғлик ва мусиқа уйғунлиги ўзига хос томоша муҳитини яратади. Айниқса, кечки пайтда бу ер янада жозибали тус олади. Турли рангдаги чироқлар билан ёритилган 70 метрлик фавворалар мусиқа садоларига уйғун равишда турли шакл ва баландликларда ҳаракатланиб, томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлайди.
Сув зарраларининг ёруғлик нурлари билан уйғунлашуви, мусиқий безаклар ва фаввораларнинг ҳаракати шаҳар аҳолиси ҳамда меҳмонлари учун ўзига хос эстетик муҳитни шакллантирмоқда. Бу ерга келганлар нафақат фаввора томошасидан баҳраманд бўлиши, балки табиат қўйнида сайр қилиб, яқинлари билан мазмунли вақт ўтказиши мумкин. Мажмуа атрофида ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, сайр қилиш ва ҳордиқ чиқариш учун қулай шароитлар яратилган. Сўлим хиёбонлар, сокин дам олиш жойлари, ўтириш учун ўриндиқлар шаҳар аҳолиси, айниқса, кексалар ва ёшлар учун қулайлик яратмоқда.

Ҳудудда музқаймоқ, салқин ичимликлар ҳамда тез тайёрланадиган таомлар шохобчаларининг фаолият кўрсатаётгани ҳам ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайлик яратяпти. Муҳими, янги фавворалар мажмуаси нафақат замонавий архитектура объекти, балки аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун ўзига хос масканга айланди.

Кейинги йиллар Нуравшон шаҳрида замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Янги турар жойлар, ижтимоий объектлар, замонавий инфратузилма тармоқлари билан бир қаторда, аҳоли учун сайр қилиш ва ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган кўнгилочар ҳамда истироҳат масканлари барпо этилмоқда. Янги фавворалар мажмуаси ҳам ана шу эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, шаҳарнинг замонавий қиёфасига яна бир ўзига хос чирой қўшди.
Нуравшон фавворалар мажмуаси ҳар куни соат 20:00 дан 22:00 гача шаҳар аҳолиси ва меҳмонларга хизмат кўрсатади.
А.Мусаев,ЎзА