Мурожаатномада қандай вазифалар белгиланади?
Бугун барчанинг диққат эътибори Давлатимиз раҳбари томонидан парламентга йўлланадиган Мурожаатнома ҳамда жорий йилнинг қандай номланишига қаратилган десак, муболаға бўлмайди.
Давр нафаси
Бугун барчанинг диққат эътибори Давлатимиз раҳбари томонидан парламентга йўлланадиган Мурожаатнома ҳамда жорий йилнинг қандай номланишига қаратилган десак, муболаға бўлмайди.
Ҳар бир юртдошимиз, жумладан, биз депутатлар ҳам ушбу Мурожаатномадан халқимиз ва давлатимизнинг эртанги куни учун муҳим вазифалар белгилаб берилишини кутяпмиз.
Бу йил мамлакатимиз парламенти ҳам, маҳаллий кенгашлар ҳам янги таркибда шаклланди. Энди уларнинг олдида муҳим вазифалар турибди. Ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент ва маҳаллий кенгашлар назоратини кучайтириш учун аввало, қонунчиликни такомиллаштириш, янги қонунлар ишлаб чиқиш зарур. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари ўртасида узвий алоқани йўлга қўйиш лозим. Чунки, сайловчиларнинг талаб ва истакларини эшитиш, уларнинг ҳаёти ва манфаатлари билан боғлиқ қонунлар қабул қилишда энг аввало туман, шаҳар кенгашлари депутатларига таяниш керак. Қонунчилик палатаси депутатининг асосий вақти Тошкентда ўтадиган бўлса, маҳаллий кенгаш депутати доим шу ҳудудда, сайловчилар билан бирга бўлади. Агар улар ўртасида доимий алоқа йўлга қўйилса, ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар белгиланса, бундан биринчи навбатда сайловчилар манфаатдор бўлади. Депутатларнинг ҳам ўз сайловчилари олдида масъулияти ошади.
Яна бир масала маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциялари ўртасида ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш ва буни мунтазам йўлга қўйиш лозим. Бу партиянинг қуйи ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, Қонунчилик палатасидаги фракциянинг партия электорати манфаатларини ҳимоя қиладиган қонун ҳужжатлари ишлаб чиқиш борасидаги ишини жонлантиришга ёрдам беради.
Давлатимиз раҳбарининг бу йилги Мурожаатномасида мамлакатимиз тараққиёти, аҳоли турмуш фаровонлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган кўплаб янги ғоялар қатори мазкур масалаларга эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Ўктам САИДМУРОДОВ,
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати