Мурожаатнинг қабул қилиниши эмас, қачон ва қандай ҳал бўлиши – муҳим
Бугун фуқаро давлат идораси эшигини қоқиб, муаммосини баён қилади. Аммо унинг учун энг муҳими — мурожаати қабул қилингани эмас, масаласи қачон ва қандай ҳал бўлиши. Давлат кадастрлари палатасида ўтказилаётган сайёр қабулларда айнан шу тамойилга урғу берилмоқда.
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Давлат кадастрлари палатаси мутасаддилари томонидан фуқаролар учун сайёр қабул ўтказилди. Унда Давлат кадастрлари палатасининг марказий аппарати ҳамда Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари иштирок этди.
Сайёр қабул иштирокчиларининг таъкидлашича, мурожаатларнинг аксарияти бўйича ижобий ечим берилди, муаммони ҳал этиш учун аниқ чоралар, масъуллар ва кейинги ҳаракатлар тартиби белгиланди.

– Бундай формат нафақат мурожаатларни қабул қилиш, балки одамларни бевосита эшитиш ва улар амалиётда дуч келаётган муаммоларни кўриш имконини беради, – дейди Давлат кадастрлари палатаси раиси вазифасини вақтинчалик бажарувчи Беҳзоджон Каримов. – Фуқаро унинг мурожаати эшитилганини, унга аниқ тушунтириш берилганини ва ҳал этишни талаб қиладиган масала назоратга олинганини билиши биз учун муҳим.
Фуқаролар кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ер масалалари, кадастр хизматларидан фойдаланиш ва мутахассислар иштирокини талаб қиладиган бошқа масалалар бўйича мурожаат қилди.
Кадастр соҳасидаги бу каби очиқ мулоқотлар фуқаролар муаммосини жойида ўрганиш, тизимдаги амалий масалаларни аниқлаш ва давлат хизматларининг сифатини оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА