Мурғак кўнгилларга қувонч улашилди
“Air Marakanda” компанияси Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали уч йиллиги муносабати билан кам таъминланган ва серфарзанд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий тадбир ташкил қилди.
Бу ҳақда компаниянинг бош директори Улуғбек Шамсиқулов қуйидагиларни маълум қилди:
– Ушбу ташаббус доирасида компания раҳбарияти SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг Самарқанд шаҳридаги филиалига ташриф буюрди. Болалар учун аниматорлар иштирокида байрам дастури ўтказилиб, уларнинг оилаларига озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламлари топширилди.
Шунингдек, аэропорт терминалида махсус фотозона ташкил этилиб, йўловчилар ва меҳмонлар байрамона лаҳзаларни тасвирга тушириш имконига эга бўлди. Наврўз байрами арафасида барча ташриф буюрувчиларга анъанавий баҳорги таом – сумалак таклиф этилди.
Айтиш керакки, Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали очилганига уч йил тўлишини нафақат йўловчиларимиз, балки шаҳар аҳолиси билан бирга нишонлашдан мамнунмиз. Муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ижтимоий масъулиятимизнинг муҳим қисми ҳисобланади. Биз нафақат авиация инфратузилмасини ривожлантиришга, балки жамият фаровонлигига ҳисса қўшишга интиламиз.
Компаниямиз Ўзбекистон авиацияси тарихида давлат-хусусий шериклик асосида халқаро аэропортни бошқараётган биринчи хусусий ташкилотдир. 2022 йил 1 июндан бошлаб терминал бошқаруви “Air Marakanda” ихтиёрига ўтгандан сўнг, Самарқанд халқаро аэропорти мунтазам равишда ўз рекордларини янгилаб келмоқда. Шу давр мобайнида 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилди. Бу эса компаниянинг барқарор ривожланаётгани ва ўсиб бораётганини тасдиқлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА