Мукофот кишига янги масъулият юклайди
Меҳнатнинг қадри эътироф этилган жойда инсоннинг масъулияти ҳам ортади. Чунки мукофот — ортда қолган меҳнатга берилган баҳо бўлиш билан бирга, келгуси ишлар учун юкланадиган янги масъулият, янги мақсад ва янада катта ишончдир.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Сайхунобод туманида юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига ўз меҳнати, ташаббуси ва фидойилиги билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган 50 нафар фаол инсон «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат ташкилотлари ходимлари, тадбиркорлар, нуронийлар ва жамоатчилик вакилларига кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Туман ҳокими Комилжон Муллажанов тақдирланганларни қутлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётдаги самараси, аввало, ўз ишига масъулият билан ёндашиб, эл-юрт манфаати йўлида фидокорона меҳнат қилаётган инсонлар фаолиятида намоён бўлишини таъкидлади.
Эътироф этилганлар орасида «Шуҳрат» медали соҳибаси Шоира Шаматова ҳам бор. Унинг меҳнат йўли қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва жамоатчилик фаолиятини ўзида уйғунлаштиргани билан эътиборга молик.

Сайхунобод туманидаги Пахтакон маҳалласида истиқомат қилувчи Шоира Шаматова «Олимжон қизи Шоира» фермер хўжалиги раҳбари. Айни пайтда у туман Савдо-саноат палатаси раҳбари сифатида ҳам фаолият юритиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, янги ташаббусларни амалга ошириш, аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Унинг бугунги ютуқлари замирида, аввало, оилада сингдирилган меҳнатсеварлик ва яқинларининг ишончи мужассам. Марҳум отаси Олимжон Шаматовнинг панду насиҳатлари, турмуш ўртоғининг доимий кўмаги Шоиранинг ҳаётда ўз ўрнини топиши ва қийинчиликлар олдида ортга чекинмаслигида муҳим таянч бўлган.
Меҳнатсеварлиги, изланувчанлиги ва ташаббускорлиги туфайли у «Ташаббус» ҳамда «Ишбилармон аёл» кўрик-танловларининг вилоят ва республика босқичларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган.
У раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигидаги 120 гектар ер майдонининг 60 гектарида пахта, қолган қисмида эса буғдой етиштирилади. Аммо Шоира Шаматованинг меҳнат фаолияти фақат фермер хўжалиги доираси билан чекланиб қолмайди. У 2024 йилда мамлакатимизда илгари сурилган Сайхунобод тажрибасидаги имкониятларни ўз хонадонида ҳам синаб кўришга қарор қилди. Ер билан ишлаш, томорқадан унумли фойдаланиш ва оилавий даромадни оширишга қаратилган ёндашув унинг эътиборини тортди. Шундай қилиб, хонадондаги 7 сотих майдонда замонавий иссиқхона ташкил этилиб, атиргул етиштириш йўлга қўйилди.
— Далада ишлаш мен учун оғир эмас. Ерга меҳр билан қарасангиз, у ҳам меҳнатингизни оқлайди. 2024 йилда Сайхунобод тажрибаси амалёти давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилганида, бу ташаббус ер билан боғлиқ экани учун мени бефарқ қолдирмади. Мен ҳам хонадонимда томорқадан катта даромад олиш учун бел боғладим ва бир йилнинг ўзида натижасини кўрдим. Хонадонимизда 7 сотих иссиқхона ташкил этиб, атиргул етиштиришни йўлга қўйдик. Биринчи йилда 60 миллион сўм даромад қилган бўлсак, иккинчи йилдаёқ бу кўрсаткич 250 миллион сўмга яқинлашди. Озгина ҳаракат ва меҳнат билан даромад олиш, ҳосилни кўриб, қилган ишингиз самарасини ҳис қилишнинг ўзи катта қувонч. Мукофотланиш эса умуман бошқача туйғу — бу фахр ва янада катта масъулият ҳиссидир, — дейди Шоира.
Унинг фаолиятида иқтисодий натижалар билан бир қаторда, ижтимоий масъулият ҳам муҳим ўрин тутади. Иссиқхона фаолияти орқали «Аёллар дафтари»даги 4 нафар ва «Ёшлар дафтари»даги 2 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Яъни, олти нафар инсон учун меҳнат қилиш ва барқарор даромад топиш имконияти яратилди.
Бугун мазкур иссиқхона нафақат оилавий даромад манбаи, балки хотин-қизлар ва ёшлар учун амалий тажриба майдонига ҳам айланиб бормоқда. Бу ерда меҳнатнинг натижаси кўзга кўринади: кўчатдан гулгача бўлган жараён, парвариш, меҳнат ва якундаги даромад инсонда ўз кучига ишонч уйғотади.
— Бирор инсонга «Бу ишдан даромад топиш мумкин” деб айтишнинг ўзи кам. Унга ишлаб кўриш, натижани ўз кўзи билан кўриш имконини бериш керак. Шунда инсонда ишонч пайдо бўлади, — дейди Шоира Шаматова.
Унинг фикрича, аҳоли бандлигини таъминлашда энг муҳими — инсонга имконият беришнинг ўзи эмас, балки ундан самарали фойдаланиш йўлини кўрсатиш. Зеро, ишонч амалий натижа билан мустаҳкамланади. Бир хонадонда бошланган ташаббус бошқа хонадонларга ҳам намуна бўлиши мумкин.
Сайхунобод туманида кейинги йилларда гулчилик, иссиқхоначилик ва томорқачиликка қизиқишнинг ортиб бораётгани ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланишга интилиш кучайганини кўрсатади. Айни пайтда туманда гулчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар 20 нафардан, иссиқхоначилик билан шуғулланувчилар 400 нафардан, томорқачилик билан банд аҳоли эса 2 минг нафардан ошган. Паррандачилик, чорвачилик ва бўрдоқичилик каби йўналишларда ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шоира Шаматованинг фаолиятида ҳам ана шу жараённинг ўзига хос ифодасини кўриш мумкин. У фермер сифатида ердан, тадбиркор сифатида имкониятдан, жамоатчилик фаоли сифатида эса одамлар ташаббусидан унумли фойдаланишга интилади.
Бугун унинг кўксидаги «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» кўкрак нишони — босиб ўтилган меҳнат йўлининг эътирофи. Аммо Шоира учун бу мукофот тўхташ нуқтаси эмас. Аксинча, у янада катта мақсадлар сари интилиш, янги ташаббусларни амалга ошириш ва ўз атрофидаги инсонларга кўпроқ имконият яратиш учун рағбатдир.
Чунки ҳақиқий эътироф инсонни хотиржамликка эмас, янада катта масъулиятга чорлайди. Мукофот — меҳнатнинг якуни эмас, янги вазифаларнинг бошланишидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири