Муҳтожлар ҳолидан хабар олинди
Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан туманда ногиронлиги бўлган, камхарж, мададга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилояти Олот тумани “Ёшботир” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Раҳимбердиевлар хонадонида бўлди.
Минг афсуски, тақдир тақозоси билан бу оиланинг бир эмас, 7 нафар аъзоси жисмоний имконияти чекланган, ногирон сифатида ижтимоий муҳофазага олинган. “Темир дафтар”га киритилган.

Мутасаддилар ташрифидан хонадон аъзолари қувонди. Маҳаллий ҳокимлик ва “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан бу оилага кундалик зарур маиший техника жиҳозлари –кир ювиш машинаси, музлатгич ва газ плитаси топширилди.
Хонадон бекаси кўрсатилган мурувват учун миннатдорлигини билдирди. Юртимиз тинчлик-осойишталиги, турмуш фаровонлигини сўраб қўлини дуога очди.
Тадбирда туман ҳокими Наргиза Неъматова иштирок этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири