Муҳсинхўжа Абдураҳмонов: Япониядаги ҳар бир ватандошимиз Ўзбекистон элчисидир (+видео)
Токиодаги 5 йиллик фаолиятдан сўнг: Ўзбекистон-Япония муносабатлари, иқтисодий дипломатия сирлари ва япон инвесторлари нима истайди? Собиқ элчининг эксклюзив интервьюси.
Ўзбекистон – Япония муносабати сўнгги йилларда сиёсий мулоқотдан иқтисодиёт, сармоя, технология, таълим, инсон капитали, маданий-гуманитар алоқаларга қадар бўлган кенг қамровли йўналишларда изчил ривожланмоқда.
Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини янги мазмун билан бойитиш, иқтисодий дипломатияни кучайтириш, мамлакатга инвестиция, замонавий технология ва илғор тажриба жалб этиш бўйича қўйилаётган вазифалар бу жараёнда муҳим омил бўлмоқда.

Токиодаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси фаолияти мисолида ҳам айни ёндашувнинг амалий натижасини кўриш мумкин. Кейинги беш йил давомида мамлакатимизнинг Япониядаги дипломатик ваколатхонаси икки томонлама муносабатнинг сиёсий кун тартиби билан бир қаторда, амалий ва иқтисодий мазмунини кенгайтириш, япон бизнеси билан мулоқотни кучайтириш, таълим ва инсон капитали соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш ҳамда давлатимиз инвестициявий салоҳиятини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратди.
Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг дипломатик фаолияти ҳам шу жараён билан уйғун кечди. Унинг иқтисодиёт, инвестиция ва ташқи савдо соҳаларидаги аввалги тажрибаси янги ишда иқтисодий кун тартибига алоҳида эътибор қаратиш имконини берди.
Беш йил давомида икки мамлакат муносабатининг турли қирраларини бевосита кузатган, алоқаларни ривожлантириш жараёнида бевосита иштирок этган элчи Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, мавжуд имкониятлар ва келгуси устувор йўналишлар ҳақида фикр билдирди.
Дарвоқе, яқиндагина кун чиқар юртдаги миссиясини якунлаган Муҳсинхўжа Абдураҳмонов давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори лавозимига тайинланди.

Япон инвестори биздан нима кутади? Интервьюнинг асосини айнан иқтисодий дипломатия мавзуси ташкил қилди.
Дунёнинг технологик ва иқтисодий жиҳатдан етакчи давлатларидан бири сифатида Япония бугун Ўзбекистон учун ҳам ишончли, узоқ муддатли ҳамкорга айланган. Шу нуқтаи назардан япон инвестицияси ва технологиясини иқтисодиётимизнинг қайси тармоқларига жалб қилиш мумкинлиги аҳамиятли.
Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бу масалада Ўзбекистон учун юқори қўшилган қиймат яратадиган, технология ва билим алмашинувини таъминлайдиган соҳаларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб, япон компанияларининг узоқ муддатли ҳамкорликка асосланган ёндашуви мамлакатимиз учун қулай имконият эканини қайд этди.
Японияда компанияни бошқарган, Фарғона вилояти инвестиция ва ташқи савдо тизимида раҳбарлик қилган даврдаги тажрибасидан келиб чиқиб, дипломат кун чиқар юрт сармоядорини жалб қилишнинг энг самарали усулларига ҳам тўхталди.
Дипломатимиз таъкидлашича, япон тадбиркори учун фақат бозор ҳажми ёки ресурс эмас, балки ишонч, барқарорлик, қонун устуворлиги, шаффофлик, аниқ ва узоқ муддатли ҳамкорлик механизми ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигини оддий фуқаро учун тушунарли мисоллар ёрдамида изоҳлашга ҳаракат қилгани ҳам эътиборли.
Яъни, ўзаро муносабат сиёсий баёнот билан чекланиб қолмасдан, сармоявий лойиҳалар, молиявий ва техник кўмак, таълим дастурлари, инсон ресурсларини тайёрлаш, инфратузилма ва технология соҳаларидаги амалий натижаларда акс этмоқда. Яқин келажакда шерикликни анъанавий йўналишлардан юқори технология, инновация, яшил иқтисодиёт, рақамлаштириш ва инсон капитали каби замонавий соҳаларга янада чуқур олиб кириш имконияти мавжуд.
АҚШда таҳсил олган, кейин Японияда ўқиган, турли жабҳаларда меҳнат қилган қаҳрамонимиз элчилик вазифасини оддий инсон нуқтаи назаридан ҳам шарҳлади:
– Дипломатияни фақат расмий учрашув ва музокаралардан иборат касб эмас, балки мамлакатлар ўртасида ишонч ўрнатиш, миллий манфаатни ҳимоя қилиш ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиш масъулияти сифатида қабул қилиш лозим.
Муҳсинхўжа Абдураҳмонов жамоат транспортидаги тартиб, навбат маданияти, вақтга муносабат, тозалик, жамоат жойида бошқаларга халал бермаслик билан боғлиқ саволларга дипломатик терминлар эмас, балки Японияда беш йил яшаган инсоннинг шахсий кузатуви орқали жавоб берди.
Японияда Ўзбекистон қиёфаси
Бугунги дипломатиянинг яна бир муҳим шарти мамлакатни хорижда фақат расмий тадбирлар орқали эмас, балки давлатнинг салоҳияти, тарихи, маданияти, инсонлари ва замонавий тараққиёти билан бир бутун ҳолда намоён этишдир.

Интервью давомида диёримиз ҳақидаги ижобий тасаввурни янада кенгайтириш учун қайси жиҳатларга урғу бериш кераклиги ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси билан бирга бугунги иқтисодий имконияти, ёш аҳолиси, инвестиция салоҳияти ва минтақадаги ўрнини япон жамоатчилигига чуқурроқ етказиш муҳимлиги таъкидланди.
Ороллар мамлакатида таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшларга берилган маслаҳат ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Чет элда ишлашни фақат яхши шароитда яшаш ёки малака ошириш имкони сифатида эмас, балки инсоннинг ўзини ривожлантириш, янги билим ва кўникма эгаллаш, профессионал алоқалар ўрнатиш ва кейинчалик шу тажрибани Ўзбекистон тараққиётига йўналтиришга қаратилган беқиёс мактаб сифатида қабул қилиш зарур. Шу маънода Японияда таҳсил олаётган ёшларимизнинг шахсий муваффақияти ҳам Ўзбекистоннинг хориждаги ижобий қиёфасини шакллантиришга ҳисса қўшади.
Элчи ЎзА мухбири саволларига нафақат дипломат, балки узоқ шарқ жамиятини талаба, тадбиркор ва оддий меҳнат фаолияти орқали ҳам таниб-билган, ўрганган инсон сифатида ёндашди.
Бир сўз билан айтганда Токиодаги беш йиллик дипломатик фаолият давомида тўпланган тажриба, кузатув ва мулоҳазалар жамланган ушбу эксклюзив интервьюда Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Ўзбекистон – Япония муносабатларининг бугунги манзараси ва эртанги истиқболи ҳақида батафсил фикр юритган.
Тўлиқ видео-интервьюни томоша қилинг.
Беҳруз Худойбердиев, Искандар Исматов (видео), ЎзА
Токио, Япония