Муҳим минераллар рақобати: қайси ўлкада қандай ресурс бор?
Электромобиль, сунъий интеллект, микрочип, аккумулятор ва замонавий қурол-яроқ ишлаб чиқариш ортида кўпинча кўзга кўринмайдиган, аммо стратегик аҳамиятга эга ресурслар туради. Литийсиз аккумулятор ишлаб чиқариш, графитсиз айрим турдаги батареялар тайёрлаш, неодим ва бошқа нодир ер унсурларисиз доимий равишда кучли магнитга таянувчи технологияни ривожлантириш қийин.
Шу боис муҳим минераллар масаласи оддий кончиликдан анча кенг тушунчага айланган. Бинобарин, фақат ер остида қанча бойлик борлиги эмас, балки шу моддаларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот етказиб бериш долзарб. Халқаро энергетика агентлиги (IEA) 2026 йил учун эълон қилган “Global Critical Minerals Outlook” ҳисоботида ҳам айни муаммога эътибор қаратилган. Зеро, минерални қайта ишлашдаги юқори кучланиш, экспорт чеклови ва таъминот занжиридаги узилиш жаҳон иқтисодиёти учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Масаланинг яна бир жиҳати бор: йирик конга эга бўлиш ҳали бозорни назорат қилиш дегани эмас. Ресурсни саноат учун зарур даражада тозалаш, эҳтиёт қисм ишлаб чиқариш ва технологияни эгаллаш ҳам режали устунликнинг бир қисмидир.
Харитадаги асосий нуқталар: ресурслар қайси давлатларда жамланган?
Муҳим минераллар ягона мамлакат ёки минтақада жамланмаган. Турли хом ашёнинг захираси, қазиб олиниши ва қайта ишланиши бўйича етакчилар ҳар хил. Дунё таъминот занжирида муайян юртлар ўрни алоҳида.
Чили ва Аргентина – литий

Чилининг Атакама ҳудудидаги тузли ҳавзалар литийнинг бой манбаси ҳисобланади. Аргентина ҳам шундай лойиҳалар кўламини кенгайтирмоқда. Беҳисоб литий захираси билан танилган Боливия учун эса ресурс салоҳиятини тижорий ишлаб чиқаришга айлантириш алоҳида технологик ва иқтисодий вазифа.
Литий аккумулятор, электр транспорт воситаси ва энергия сақлаш тизими учун ишлатилади. IEA ҳисоботида ҳозирги сиёсат литийга талабни 2040 йилгача уч баробар ошириши тахмин қилинган.
Конго Демократик Республикаси – кобальт

Конго айрим литий-ион аккумуляторлари, махсус қотишма ва саноат маҳсулотлари тайёрлашда ишлатиладиган кобальт қазиб олиш бўйича жаҳон етакчиларидан бири саналади.
Бу бозорнинг ўзига хос жиҳати таъминот асосан бир давлатга боғланганида. Конго ДР 2025 йил экспортни вақтинча тўхтатиб, экспорт сиёсатини ўзгартиргани нарх ҳамда таъминотга давлат қарори нечоғли таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатди.
Индонезия – никель

Индонезия охирги йилларда никель қазиб олиш ва қайта ишлашдаги улушини кескин оширди. Мазкур модда зангламайдиган пўлат, турли қотишма ва аккумуляторнинг айрим турларини ясаш учун жуда зарур.
Ушбу минглаб ороллардан иборат мамлакатнинг аҳамияти фақат руда қазиб олиш билан чекланмайди: эритиш ва қайта ишлаш корхоналари ривожлангани халқаро саноат занжирида қўшимча устунлик берган. IEA маълумотида Индонезия никель таъминоти жадал ўсаётган асосий манзил сифатида кўрсатилган.
Хитой – графит ва нодир ер унсурлари

Хитойнинг аҳамияти конлар билан бирга қайта ишлаш қувватида ҳам намоён. Мамлакат графит ва бошқа нодир ер унсурларини қайта ишлаш бўйича асосий марказ сифатида тан олинган.
Ноёб моддалар шамол турбинаси, электромобиль ишлаб чиқариш, шунингдек электроника ва мудофаа саноатида ишлатилади. Айрим элементлардан тайёрланадиган юқори самарали магнитни тезда бошқа материал билан алмаштириш осон эмас. Шу боис экспорт чеклови фақат хом ашё харидорига эмас, балки тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчига ҳам таъсир кўрсатади.
Австралия – литий ва нодир ер элементлари

Литий қазиб оладиган йирик давлат – Австралия ноёб ер элементлари таъминотини диверсификация қилиш бўйича етакчи. Яшил қитъанинг аҳамияти шундаки, бошқа давлатларга хом ашё манбасини кўпайтириш имконини беради. Яъни, қазиб олинган рудадан тайёр кимёвий маҳсулот ёки магнит ишлаб чиқариш учун қўшимча қайта ишлаш қуввати ва технология талаб этилади.
Чили, Перу, Конго ва Замбия – мис

Мис электр тармоғи, электромобиль, маълумот маркази ва саноат ускуналари учун керакли хом ашё ҳисобланади. Чили ва Перу мис қазиб олувчи етакчи мамлакатлар, Конго ДР ва Замбия эса Африканинг асосий мис минтақасини ташкил этади.
Ушбу моддага талаб ўсиши фақат энергетика ривожланиши билан боғлиқ эмас. Электр тармоғини кенгайтириш, саноатни электрлаштириш ва рақамли инфратузилма ҳам кўп миқдорда мис талаб қилади. Мавжуд лойиҳаларнинг ҳозирги таркиби сақланса, 2035 йил таклиф талабдан тахминан 25 фоиз кам бўлиши мумкин. Бу тахмин, албатта. Янги конлар очилиши ва сармоя кўпайиши вазиятни ўзгартириши мумкин.
Нега ресурслар атрофида рақобат кучаймоқда?
IEA ҳисоботига кўра, ўтган йил муҳим минералларга инвестиция 9 фоиз камайган. Қолаверса, 2025 йил ва жорий йил бошида айрим моддалар нархи тикланган, экспорт чеклови эса таъминотдаги ноаниқликни кучайтирган.
Бундай вазиятда давлатлар учун уч масала бор:
Биринчи – хом ашё кафолати. Электромобиль, митти чип ёки аккумулятор корхонаси учун зарур минерал вақтида етказилиши маҳсулот таннархи ва ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлайди.
Иккинчи – қайта ишлаш технологиясига эгалик. Қазиб олишдан кейин рудани ажратиш, тозалаш ва саноатда ишлатиладиган материалга айлантириш босқичи бор. Айрим минераллар бозори билан боғлиқ айнан шу жараён атиги бир неча мамлакатда йўлга қўйилган.
Учинчи – таъминот манбасини кўпайтириш. Агар муайян минерал ёки моддани қайта ишлаш бўйича бир давлатга қарамлик кучли бўлса, экспорт чеклови, сиёсий келишмовчилик ёки ишлаб чиқаришдаги авария бутун занжирга таъсир қилади.
Демак, дунёвий рақобатни фақат кон учун кураш сифатида тушуниш тўғри эмас. Бу – хом ашё, технология, қайта ишлаш қуввати, сармоя ва тайёр маҳсулот бозоридаги ўзаро боғлиқ рақобат.
Ўзбекистон: Ресурс бор, энди қийматни ошириш керак

Ўзбекистон учун муҳим минераллар бозоридаги ўзгариш фақат ташқи жараён эмас. Мамлакатда мис, вольфрам, молибден, литий, графит, германий ва бошқа стратегик хом ашё турларига оид ресурслар мавжуд. Фақат геологик захира, саноат миқёсида ўзлаштириш имконияти ва амалдаги ишлаб чиқариш ҳажмини бир-биридан фарқлаш зарур.
2025 йил 11 мартдаги расмий маълумот юртимизда вольфрам, молибден, магний, литий, германий, графит, ванадий ва титан каби минераллар бўйича 30 дан зиёд металл кони аниқланганига ишора беради. Ўша пайтдаги режага мувофиқ, уч йил ичида 28 турдаги камёб минерални қамраб олган 76 лойиҳага жами 2,6 миллиард доллар маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Бу рақамлар амалда тўлиқ ўзлаштирилган маблағни эмас, режалаштирилган сармояни англатади.
15 июнда Президент матбуот хизмати муҳим минераллар хом ашё базасини кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича янги режа эълон қилди: 2026-2030 йилларда 4,2 миллиард долларлик 120 та лойиҳа амалга ошириш, 2028 йил соҳада ишлаб чиқариш қийматини 1 миллиард долларга, 2030 йил эса 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Мамлакатимиз учун энг долзарб вазифа – ресурсни қазиб олиш билан чекланмаслик. Масалан, вольфрам ва молибденни чуқур қайта ишлаш орқали металл кукуни, қотишма, сим ва саноат учун эҳтиёт қисм яратиш мумкин. Шу тариқа хом ашёни экспорт қилишдан кўра, мураккаброқ ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш имкони пайдо бўлади.
Бундай натижага эришиш учун инвестициянинг ўзи етарли эмас: замонавий бойитиш технологияси, энергия ва сув таъминоти, малакали муҳандислар, илмий лаборатория ҳамда тайёр маҳсулот учун барқарор харидор зарур. Шунингдек, ҳар бир минерал бўйича иқтисодий самарадорлик ва экологик харажат алоҳида ҳисобланиши шарт.
Асосий фарқ: захира, қазиб олиш ва қайта ишлаш
Муҳим минераллар ҳақидаги маълумотда кўпинча бир-бирига яқин, аммо мазмунан фарқли уч тушунча аралашиб кетади.
– Геологик ресурс ёки захира – ер остида мавжудлиги аниқланган ёки баҳоланган хом ашё. Манбанинг борини муайян шароитда фойдали қазиб олиш иложи бўлмаслиги мумкин.
– Қазиб олиш – кондан руда ёки минерални амалда чиқариб олиш ҳажми. Бу кўрсаткич кон қуввати, сармоя ва технологияга боғлиқ.
– Қайта ишлаш – хом ашёни саноатда ишлатиладиган материалга айлантириш. Айрим ҳолларда айнан шу босқич таъминот занжирининг энг тор нуқтасига айланади.
АҚШ Геология хизматининг 2026 йилги “Mineral Commodity Summaries” ҳисоботи 90 дан ортиқ минерал ва материал бўйича жаҳон ишлаб чиқариши, захира ва бозорга оид маълумотни қамраб олган. Мамлакатлар имкониятини таққослашда ишончли манба бўлса-да, ушбу ҳужжатда келтирилган ҳар бир минерал кўрсаткичини алоҳида текшириш лозим.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг халқаро бозор келажагидаги ўрнини фақат кон сони билан ўлчаш ярамайди. Асосий мезон – иқтисодий жиҳатдан ўзлаштириладиган ресурс, амалдаги ишлаб чиқариш қуввати, қайта ишлаш технологияси ва экспортбоп маҳсулот турларидир.
Хулоса: бойлик ер остида, устунлик қиймат занжирида
Муҳим минераллар жаҳон иқтисодиётида асосий масалалардан бирига айланмоқда. Чили ва Аргентина литий, Конго Демократик Республикаси кобальт, Индонезия никель, Хитой эса графит ва бошқа турли нодир ер унсурларини қайта ишлашда илғор. Австралия ва мис ишлаб чиқарувчи мамлакатлар ҳам жаҳон таъминоти диверсификациясида муносиб ўрин эгаллаган.
Ўзбекистонда ҳам салоҳият бор. Фақат шу имкониятни иқтисодий фойдага айлантириш ресурсни аниқ баҳолаш, самарали қазиб олиш, чуқур қайта ишлаш ва талабгир тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни тақозо этади. Хуллас, муҳим минераллар бозорида устунликка эришиш фақат заминимиз қаърида қанча бойлик борлиги эмас, балки шу инжудан ҳақиқий қиймат яратиш қобилияти билан белгиланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА