Муҳиддинхўжа Хўжаевнинг армонли умри
Қатағон қурбонлари
Тарихнинг қора саҳифаларида шундай тақдирлар борки, уларни ўқиб, инсон умрининг қадри ва ҳақиқатнинг баҳоси ҳақида чуқур ўйга толасан. Муҳиддинхўжа Хўжаев 1916 йилги Жиззах қўзғолонида ҳибсга олинган отасини ўлимдан қутқариш илинжида жадидчилик ҳаракатига кириб келди. Бироқ халқ вакили сифатида масъулиятли вазифаларни бажарган, оиласи ва орзу-умидлари билан яшаган бу инсоннинг ўзи қатағон гирдобига тушди. Орадан йиллар ўтиб оқланган унинг қисмати бугун ҳам тарихий хотира ва адолат ҳақида ўйлашга ундайди.
Суратга тикилиб қоласиз. Унда ҳали ўттиз ёшга ҳам тўлмаган йигитнинг жиддий, бироз ўйчан чеҳраси акс этган. Пешонаси очиқ, лаблари жипс, нигоҳида эса гўё узоқдан келаётган бир савол бор. Унинг кўзларида бир даврнинг изтироби, айтилмай қолган гаплар ва рўёбга чиқмаган орзулар мужассамдек.
Бу чеҳрага қараб, унинг қисмати шунчалар аянчли кечганига ишониш қийин. Ахир, суратдаги йигит ҳаётга эндигина қадам қўяётган, олдида ҳали узун йўл, рўёбга чиқиши керак бўлган қанча орзу-умидлар турган ёшда эди. Аммо тарих баъзан инсонга умрни эмас, синовни ўлчаб беради.
Муҳиддинхўжа Хўжаев 1898 йилда Жиззахнинг Тошкентлик маҳалласида, йирик савдогар Нуриддинхўжа Маъруфхўжаев хонадонида дунёга келди. Отаси мадраса таълимини пухта эгаллаган, диёнатли ва эл орасида обрў-эътибор қозонган инсон эди. Хонадонида илм-маърифат, тарбия ва одамийлик қадрланарди. Муҳиддинхўжа дастлаб жадид мактабида, кейин рус-тузем мактабида ўқиди, 1914 йилдан эса Жиззах реал мактабида таҳсилни давом эттирди.
Бироқ унинг ёшлиги мамлакат ҳаётидаги кескин ўзгаришлар даврига тўғри келди. 1916 йилда мардикорликка олиш сиёсатига қарши бошланган халқ қўзғолони Жиззах ва унинг атрофидаги кўплаб хонадонлар тақдирини ўзгартирди. Қўзғолонда иштирок этгани учун Муҳиддинхўжанинг отаси ҳам ҳибсга олинди. Отасини қутқариш истаги ёш йигитни сиёсий жараёнларга яқинлаштирди. Кейинчалик у “Ёш бухороликлар” ҳаракатига қўшилиб, Файзулла Хўжаев ва унинг сафдошлари билан бирга Бухородаги демократик ўзгаришлар тарафдори бўлган курашларда иштирок этди.
Шу тариқа кечагина отасини қутқариш йўлини излаган йигитнинг ўзи катта сиёсий воқеалар гирдобига кириб борди.
Муҳиддинхўжанинг меҳнат ва давлат хизматидаги фаолияти ҳам даврнинг мураккаб кечинмалари билан чамбарчас боғлиқ бўлди. 1918 йилда Жиззах уезд давлат савдосида иш бошлади, кейин Сангзор волостида озиқ-овқат маҳсулотларини тақсимлаш бўлими инспектори бўлиб хизмат қилди. 1920-1921 йилларда шаҳар халқ таълими бўлими мудири ўринбосари, 1921-1923 йилларда шаҳар милицияси бошлиғи, 1923-1924 йилларда уезд ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи, 1924-1926 йилларда эса Жиззах шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимларида фаолият юритди. Бу вазифалар ортида халқ ҳаётининг турли жабҳалари, осойишталикни таъминлаш ва янги тузум шароитида масъулиятни зиммага олишдек мураккаб вазифалар турарди.

1928 йилда у ўша вақтдаги республика раҳбарияти томонидан Самарқандга чақирилиб, Файзулла Хўжаевга ёрдамчи этиб тайинланди. Пойтахт Тошкентга кўчирилгач, унинг оиласи ҳам янги пойтахтга кўчиб келди.
Муҳиддинхўжанинг шахсий ҳаётида ҳам ўз меҳнати, ташвиши ва орзулари билан яшаган бир оила бор эди. Турмуш ўртоғи Бибисора чеварлик қилар, “Zinger” тикув машинасида замонавий либослар тикар, “Қизил тонг” тикувчилик корхонасида меҳнат қилиб, бошқа хотин-қизларга ҳам касб сирларини ўргатарди. Хонадонда болаларнинг кулгуси, рўзғор ташвишлари, эртанги кунга ишонч бор эди. Бироқ қатағон даври инсоннинг нафақат бугунини, балки келажакка бўлган ишончини ҳам тортиб олиши мумкин эди.
1931 йилда Ўрта Осиё мева-сабзавотчилик бошқармасида инспектор бўлиб ишлаётган Муҳиддинхўжа ҳибсга олинди. Унга Бауманнинг уйига ҳужум уюштириш билан боғлиқ айблов қўйилди. Аммо тарихчи Баҳром Ирзаев келтирган маълумотларга кўра, ишнинг замири 1922 йил баҳорида Муҳиддинхўжа хонадонида Самарқанддан келган турк офицери Савурбей афанди шарафига ўтказилган зиёфат билан боғлиқ эди. Унда Орифжон Олимжонов ва бир қатор жиззахлик зиёлилар ҳам қатнашган.
Бир вақтлар меҳмонлар жам бўлган дастурхон атрофидаги учрашув йиллар ўтиб тергов ҳужжатларида айбловга айланди. Инсоннинг бутун умри, меҳнати ва орзу-умидлари бир неча сатрга сиғдирилди.
– Муҳиддинхўжа Хўжаевнинг тақдирини фақат мансаблар рўйхати ёки сиёсий воқеалар билан ўлчаб бўлмайди. Унинг ҳаётида даврнинг бутун зиддияти мужассам. Оиласидаги маънавий муҳит, отасининг тақдири ва жамиятдаги ўзгаришлар унинг ҳаёт йўлини белгилаган, – дейди Жиззах давлат педагогика университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори Бахтигул Эргашева.
1932 йил 14 октябрда ОГПУнинг Ўрта Осиё бўлими Муҳиддинхўжа Хўжаевни ўн йиллик меҳнат-тузатиш лагерига ҳукм қилди. У атиги 43 ёшда эди. Ҳали фарзандларининг улғайганини кўриши, умр йўлдоши билан бирга ҳаёт кечириши, қанча эзгу ниятларини амалга ошириши мумкин эди. Аммо 1941 йил 15 мартда унинг умри лагерда узилди.
Фожиа эса шу билан тугамади. “Халқ душманининг хотини” деган тамға Бибисоранинг ҳам ҳаётини остин-устун қилди. У ишидан бўшатилди, оилавий уй мусодара этилди. Фарзандлари билан бошпанасиз қолган аёл ташландиқ вагонда яшашга, кейин жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлиб меҳнат қилишга мажбур бўлди. Уруш ва очарчилик йилларидаги машаққатлар орасида Бибисора 1945 йилда вафот этди. Бир оиланинг икки таянчи тарихнинг шафқатсиз зарбаси остида бирин-кетин сўнди.

Орадан йиллар ўтди. 1974 йил 8 октябрда Муҳиддинхўжа Хўжаев дўсти Орифжон Олимжонов билан бирга оқланди. Ҳақиқатнинг тикланиши тарихий адолатнинг қарор топиши эди, аммо у йўқотилган умрни, мусодара қилинган уйни, етим қолган болаликни ва оила бошига тушган кулфатларни ортга қайтара олмасди.
– Оқлов ўтмишдаги йўқотишларни қайтариб беролмайди, лекин ҳақиқатнинг қайта тикланганини англатади. Бугун бундай инсонларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, номларини тиклаш орқали тарихдаги бўшлиқларни тўлдириш ва ёш авлодга ўтмишнинг аччиқ сабоқларини етказиш аҳамиятлидир, – дейди Бахтигул Эргашева.
Суратдаги чеҳрага яна бир бор қараймиз. Энди у шунчаки тарихий сурат эмас, балки бир инсоннинг армонга айланган умри, пароканда бўлган оиласи ва бутун бир давр фожиасининг тимсоли бўлиб кўринади. Муҳиддинхўжа Хўжаев жадид мактабида таълим олган ёш йигит, отасини қутқаришга интилган фарзанд, давлат хизматида масъулиятли вазифаларни бажарган раҳбар, Бибисоранинг умр йўлдоши ва фарзандларининг отаси эди. Кейин эса асоссиз сиёсий айбловлар гирдобига тушган минглаб инсонлардан бирига айланди.
Унинг қисматида ўтган аср бошларидаги Жиззах ҳаёти, маърифатга интилиш, янгиланиш орзуси ва инсон тақдирининг сиёсий гумон олдида нечоғлик ожиз қолиши мужассам. Шу боис бугун унинг номини ёдга олиш ўтмишни эслаш билангина чекланмайди. Бу инсон қадрини англаш, тарих сабоқларини унутмаслик ва ҳақиқатни асраш масъулиятидир.
Ҳужжатлар, тарих ва унинг оиласи бошидан кечирган фожиа бизга бир ҳақиқатни эслатиб туради: қатағон йилларидаги айблов инсоннинг тақдирини ўзгартириши мумкин, лекин ҳақиқатни абадий йўқ қила олмайди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири