Муаммоларга ечим топилди
Бухоро вилояти солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлар ва солиқ тўловчилар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни тезкор ҳал этиш анъанага айланиб, бу борада сайёр қабулларда ижобий натижаларга эришилмоқда.
Бухоро вилояти солиқ бошқармасида Бухоро шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун бошқарма бошлиғи Д. Юлдашевнинг сайёр қабулида 70 нафар иштирокчи қатнашиб, 20 дан ортиқ мурожаат ва муаммолар тингланди. Ҳар бир масалага алоҳида ёндашилиб, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Тадбир давомида тадбиркорлар томонидан солиқ ҳисоб-китоблари, ҳужжатлардаги камчиликлар, техник ва ташкилий масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Мутахассислар томонидан аксарият муаммолар жойида бартараф этилди.
– Қабулда солиқ ҳисобланиши ва ҳужжатлардаги айрим чалкашликлар бўйича мурожаат қилдим. Мутахассислар томонидан масала тезкор ўрганилиб, жойида ҳал қилинди. Менга яқиндан амалий ёрдам берилди. Энди солиқ ҳисобланиши билан боғлиқ муаммоларим бартараф этилди, – дейди Вобкент туманидаги “Ўткир Ҳайит Жаҳонгир” фермер хўжалиги раҳбари Рўзиев Ихтиёр.

Сайёр қабул чоғида бошқарма бошлиғи тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиб, бугунги кунда солиқ тизими “текширувдан – сервисга” тамойили асосида иш олиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, қонуний ва ҳалол фаолият юритаётган тадбиркорлар давлат ҳимоясида экани, улар учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани қайд этилди.
Хулоса ўрнида, Бухорода ўтказилган мазкур сайёр қабул тадбиркорларнинг кўнглини кўтариб, уларда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлади. Энг муҳими, кўплаб мурожаатларга ижобий ечим топилгани тадбир иштирокчиларининг мамнунлигига сабаб бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.