Муаммолар, ечимлар ва янги имкониятлар
Бухоро вилоятида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий онгини юксалтириш ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида Қоракўл туманидаги ҳарбий қисмда алоҳида тоифадаги, айниқса, ишсиз ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мазкур учрашувда Бухоро вилояти прокурори У.Ҳамдамов ҳамда Мудофаа вазирининг ўринбосари, генерал-майор Ҳ.Қаршиев иштирок этди. Тадбирда жами 80 нафардан ортиқ ёшлар қатнашиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш, таклиф ва ташаббусларини эшитиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш асосий мақсад этиб белгиланди.

Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда ёшларга давлат томонидан яратилган имкониятлар, имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, маънавий тарбиясини кучайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тушунчалар берилди.

Тадбир давомида иштирокчиларнинг мурожаатлари, келгуси режалари ва таклифлари тингланди ватўрт нафар ёшнинг мурожаати шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Учрашувнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ёшларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш ва ҳарбий хизматга қизиқишни кучайтириш мақсадида улар ҳарбий қисм ҳаёти билан яқиндан таништирилди. Иштирокчилар ҳарбийлар кундалик фаолияти, қурол-аслаҳа ва замонавий техника воситалари, шунингдек, ҳарбий қисм ҳудудидаги музей фаолияти билан ҳам танишиш имконига эга бўлди.

Тадбир якунида фаол ва ташаббускор ёшларга бадиий китоблар ҳамда вилоят прокурорининг эсдалик совғалари топширилди. Бу эътибор ёшлар учун янада катта рағбат ва ишонч бағишлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.