Мўйноқ спорт байрамига мезбонлик қилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида спорт мусобақасига старт берилди. Бу гал белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган ёш полвонларни бир майдонга жамлади.
Жумладан, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан 300 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда. Мусобақада ўғил болалар 13 та ва қизлар 9 та вазн тоифасида чемпионлик учун кураш олиб боришади.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда спортни, шу жумладан, белбоғли курашни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш ҳамда иқтидорли спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этишди. Шунингдек, барча иштирокчиларга ҳалол беллашув, улкан зафар ва юксак натижалар тилади.

Мазкур чемпионат Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ташкил этилиб, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда белбоғли кураш анъаналарини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ҳеч шубҳасиз, Мўйноқ туманида ўтказилаётган ушбу мусобақа келажак чемпионларини кашф этадиган, дўстлик ва спорт руҳини янада мустаҳкамлайдиган муҳим майдонга айланади.
Белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати 19 июлгача давом этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири