Москвада университетлараро халқаро турнирда ҳамюртларимиз кучли тўртликдан жой олди
Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида шахмат бўйича ўтган халқаро университетлараро жамоавий турнирда ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар жамоаси муносиб иштирок этди.
Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон университетларидан тўққизта жамоа иштирок этган баҳслар 9 та турдан иборат бўлиб, ҳар бир жамоа ўзаро тўқнаш келди.
Ҳамюртларимиз ўтказилган турлар давомида Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон жамоаларидан устун келган бўлса, Россия ва Туркманистон жамоалари билан муроса йўлини танлади. Беларусь ва Арманистон жамоаларига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди.
Ўтказилган ўйинлар натижасида 17,5 очко жамғарган ҳамюртларимиз 4-ўрин билан кифояланди.

Турнирнинг совринли ўринлари Арманистон, Беларусь ва Россия жамоаларига насиб этди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Даврон Шарипов, Ҳадиятулло Муҳаммедов, Шоҳамирбек Тожибоев ва Асал Салимова ўтказилган ўйинларда керакли натижаларни қайд этиб, Ўзбекистон жамоасининг кучли тўртликдан ўрин олишига муносиб ҳисса қўшишди.
Т.Рўзиев, ЎзА