Моддий ёрдам оилаларга мадад бўлди
Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманларида секторлар раҳбарлари бошчилигида кам таъминланган оилаларга 800 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилмоқда.

Тошкент вилоятидаги 924 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 3 минг 436 та кам таъминланган, эҳтиёжманд ҳамда қийин шароитда яшаётган оилаларга ана шундай моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Айни пайтда шаҳар ва туман кесимида юқоридаги тоифага мансуб юртдошларимизга давлат раҳбарининг байрам табрикномаси ҳамда белгиланган миқдордаги пул маблағлари тарқатилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жойларда маҳаллий ҳокимлик идоралари, корхона ва ташкилотларнинг хомийлик ва бошқа шакллантирилган маблағлари, махсус жамғармалар ҳисобидан заруратга қараб, имкон доирасида аҳолининг бошқа эҳтиёжманд вакилларига қўшимча кўмак кўрсатиш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.

А.Мусаев, ЎзА