Миршоҳид Тиллабоев: Ўзбек боксида авлодлар алмашинуви давом этмоқда
Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларининг жорий йил давомида қанча мусобақаларда иштирок этгани ва натижаларимиз қай кўринишда бўлгани кўпчилик учун қизиқ.
Дунё таниган, тан олган Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халаков, Исроил Мадримов сингари 20 дан зиёд боксчиларимизнинг Жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларидаги шов-шувли ғалабалари тарихга айланди.
Уларнинг издошлари бўлган ёш чарм қўлқоп усталари ўзбек боксининг шонли ғалабаларини давом эттира оладими?
Баҳодир Жалоловнинг “Париж-2024” Олимпиадасидан кейин яна ҳаваскор боксга қайтиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин?
Мамлакатимиз бокс мактабида тарбияланган, тобланган етук мутахассисларнинг неча нафари бугунги кунда хорижий мамлакатларда мураббий сифатида фаолият юритмоқда?
Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан 2032 йилги ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик стратегияси ишлаб чиқилгани ростми?
Бир қатор боксчиларнинг илмий даража олиши, илмий иш билан шуғулланиши бокс спорт турининг ривожига хизмат қиладими?
Албатта, саволлар кўп. Муносабатлар турфа. Лекин ҳақиқат шуки, ифтихоримизга айланган мамлакатимиз чарм қўлқоп усталари 2026 йилнинг ўтган ярим йилида салмоқли ютуқларга эришди.
Маълумотларга кўз югуртирсак, жорий йилнинг 21 февраль - 2 март кунлари София шаҳрида ўтган анъанавий “77 Странжа” халқаро мусобақасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 7 та олтин, 4 та кумуш, 6 та бронза медаль билан умумжамоада 1-ўринни эгаллади.
8-15 март кунлари Бангкок шаҳрида ёшлар ўртасида ташкил этилган “Futures Cup” халқаро мусобақасида ёш боксчиларимиз 4 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза билан “Энг яхши жамоа” номига сазовор бўлди.
Бразилиянинг Фоз де Игуасу шаҳрида 20-26 апрель кунлари “World Boxing” кубогининг биринчи босқичида аёллар миллий терма жамоамиз аъзолари 2 та олтин, 1 та бронза медалига эгалик қилди.
Мўғулистонда катталар ўртасида 30 март-10 апрель кунлари кечган Осиё чемпионатида 3 та олтин, 4 та кумуш, 4 та бронза медални қўлга киритган терма жамоамиз умумжамоада 3-ўрин билан кифояланди.
15-21 июнь кунлари Хитойнинг Гуиянг шаҳрида “World Boxing” кубогида миллий терма жамоамиз жами 11 та медални (4 та олтин, 3 та кумуш, 4 та бронза) қўлга киритди.
Бундан ташқари, май-июль ойлари давомида ёшлар, ўсмирлар, катталар терма жамоаларимиз Ўзбекистон, Хитой, Индонезия давлатларида ташкил этилган турли ёш тоифаларидаги қитъа биринчиликлари, World Boxing кубоги баҳсларида умумий ҳисобда 47 та олтин, 24 та кумуш, 22 та бронза медалига сазовор бўлди.
Учта халқаро мусобақада юртимиз боксчилари умумий ҳисобда 103 та медаллар жамланмасига эгалик қилгани ўзбек боксининг қисқа фурсатда совринли ўринларни қўлга киритишдаги рекорд кўрсаткичи, бўлди десак муболаға бўлмайди.
Ҳар бир ютуқ, медаль ортида спортчилар, мураббий-мутахассислар олиб борган изланишларни, машғулотлар заҳматини назарда тутсак, бу, келгусидаги янги ғалабалар пойдевори мустаҳкамланаётганини англатади.
Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби, Осиё бокс конфедерацияси спорт ва мусобақаларни ташкил этиш бўлими бошлиғи Миршоҳид Тиллабоев билан юқоридаги масалалар, қолаверса мамлакатимиз боксчиларини яқин ойларда кутиб турган нуфузли мусобақалар, юртимизда ташкил этиладиган чемпионатлар, Олимпия ўйинларига тайёргарлик каби бир қатор йўналишлар хусусида суҳбатлашдик.
Батафсил мазкур видеоҳаволада.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/WWB8hnbeREo?si=tIb2iaqMzq9RASQA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тўлқин Рўзиев,
Нишонбой Абдувоитов (видео),
Анвархўжа Аҳмедов(монтаж),
ЎзА