Мирободда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишлари қандай йўлга қўйилган?
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов ҳамда ички ишлар вазири ўринбосари Баҳодир Мирзараҳимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳрининг Миробод туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ва туман сектор раҳбарлари маҳаллаларда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ҳамда аҳоли хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни таҳлил қилди.
Бунда фақат мавжуд ҳолатни баҳолаш билан чекланилмасдан, амалий натижа берувчи янги ёндашувлар ва механизмлар жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, ишчи гуруҳ туманда жиноятчилик даражаси юқори бўлган, қизил тоифага киритилган Шароф Рашидов маҳалласига ташриф буюрди. Ташриф давомида маҳаллада жорий йилнинг беш ойи мобайнида содир этилган жиноятлар ҳар бир ҳолат кесимида мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари муҳокама этилди.
Маҳаллани қизил тоифадан чиқариш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Муаммоли йўналишлар юзасидан масъулларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар белгиланди.

Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли билан ўтказилган очиқ мулоқотлар давомида фуқароларни ташвишга солаётган ижтимоий ва ҳуқуқий муаммолар тингланди. Хусусан, жамоат хавфсизлиги, ёшлар бандлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ободонлаштириш ҳамда ижтимоий инфратузилмани яхшилашга оид таклиф ва мурожаатлар ўрганилди.
Ҳар бир масала юзасидан масъул ташкилотлар иштирокида манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, уларни қисқа муддатларда ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари Миробод туманидаги Файзиобод маҳалласига ташриф буюриб, ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактика ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Учрашувда маҳаллада криминоген вазиятни барқарор сақлаш, ҳуқуқбузарликка мойил шахслар билан индивидуал ишлаш, ижтимоий профилактика механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, секторлар, маҳалла фаоллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаш ҳамда муаммоларни эрта аниқлашга қаратилган профилактик чора-тадбирларни изчил давом эттириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи ҳамда уларни истеъмол қилишнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни кучайтириш, таълим муассасалари, ота-оналар, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, тарғибот-ташвиқот ишларини замонавий ва таъсирчан усуллар асосида ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА