Марказий Осиёда экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш йўлида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик изчил давом этмоқда. Шу муносабат билан икки давлат расмийлари яқинлашиб келаётган минтақавий экологик саммитга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг экологик масалалар бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев билан видеомулоқот ўтказди. Шунингдек, у Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Бейбут Атамқулов билан ҳам учрашди.

Видеомулоқот давомида томонлар Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Митақавий экологик саммитда иштирок этишга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди. Асосий экологик масалалар бўйича икки давлат позицияларини мувофиқлаштириш, кун тартибидаги устувор мавзуларни белгилаш ҳамда бўлажак тадбир доирасида тақдим этилиши мумкин бўлган қўшма ташаббуслар ва баёнотларга эътибор қаратилди.
Мутахассислар ўрмон ресурсларини барқарор бошқариш, қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш, шунингдек икки давлатнинг тегишли тузилмалари ўртасида илмий-техник ҳамкорликни кенгайтириш бўйича тажриба алмашиш имкониятларини кўриб чиқди.

Учрашув давомида сайғоқларни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Музокара иштирокчилари ушбу ноёб тур популяциясини асраш бўйича қўшма чораларни мувофиқлаштириш ҳамда тегишли ҳужжатни имзолаш учун зарур бўлган кейинги қадамларни белгилаш масалаларига эътибор қаратди.
Шунингдек, атмосфера ҳавоси сифати масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Хусусан, мониторингнинг сўнгги маълумотлари, қўшма илмий тадқиқотлар ва экологик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари, шунингдек ҳаво сифатини яхшилаш бўйича давлатлараро коалиция тузиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Бейбут Атамқулов билан учрашув чоғида халқаро тадбирлар, жумладан Остона шаҳрида ўтказиладиган Минтақавий экологик саммит, шунингдек Самарқандда режалаштирилган Global Ecological Fund VIII Ассамблеяси ва Eco Expo 2026 халқаро кўргазмаси доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини камайтириш, айрим саноат корхоналари ва иссиқхона хўжаликларини бошқа ҳудудларга кўчириш имкониятлари, трансчегаравий қўриқланадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ҳамда сайғоқ популяциясини сақлаш бўйича қўшма чоралар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА