Миллий юксалишнинг интеллектуал қиёфаси ва келажакка ташланган тарихий қадам
Муносабат
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари келгуси ўн йилликни “Миллий юксалиш даври” деб эълон қилди ва бунинг бош пойдевори сифатида 7 та миллий дастурни тақдим этди. Ушбу стратегик режалар орасида билим ва малакани тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантириш вазифаси алоҳида ажралиб туради. Зеро, замонавий тараққиёт формуласи шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай ислоҳот ва иқтисодий ўсиш негизида фақат ва фақат юқори малакали кадрлар салоҳияти ётади.
Тарих ва глобал иқтисодиёт қонуниятларидан аёнки, табиий ресурсларнинг мўл-кўллиги давлатнинг барқарор юксалишини тўлиқ кафолатлай олмайди. Иқтисодиётда “ресурслар тузоғи” деган тушунча бор — фақат хом ашё сотишга суянган давлатлар узоқ муддатли рақобатда мағлуб бўлади. Япония, Жанубий Корея ва Сингапур каби давлатларнинг “иқтисодий мўъжиза”си замирида табиий бойликлар эмас, балки инсон капиталига йўналтирилган стратегик сармоя ётади. Бу давлатлар хом ашёни эмас, балки ақл-идрок ва юқори технологияларни экспорт қилувчи қудратга айланган.
Жамият ва давлат юксалишининг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучи моддий бойлик эмас, балки инсон омилидир. Билимли мутахассис меҳнати миллий иқтисодиётда мультипликатив (занжирли) самара яратади. Яъни, таълимга тикилган сармоя фақат таълимни эмас, балки тиббиёт, саноат, IT ва бошқа барча тармоқларни ҳам муқаррар юксалтиради. Малакали кадр жорий этган битта янги технологик ечим бутун бошли тармоқ таннархини пасайтириб, маҳсулот сифатини оширади. Жаҳон стандартларини биладиган мутахассислар эса миллий маҳсулотларни халқаро бозорга олиб чиқиб, мамлакатга инвестициялар оқимини кучайтиради.
Шу боисдан, “Билим ва малака” миллий дастури шунчаки таълим тизимини яхшилашга қаратилган навбатдаги ижтимоий лойиҳа эмас. Бу — Ўзбекистоннинг XXI асрдаги миллий хавфсизлиги ҳамда интеллектуал ва иқтисодий мустақиллигини таъминловчи устувор стратегик асосдир. Четдан технология ва мутахассис импорт қиладиган эмас, ўз ички ақлий захирасига эга давлатгина чинакам мустақил бўла олади. Рақамли ва инновацион иқтисодиёт даврида оддий жисмоний меҳнат ўз аҳамиятини йўқотмоқда. Сунъий интеллект, катта маълумотлар ва креатив фикрлаш қобилиятисиз глобал тараққиётни тасаввур қилиб бўлмайди.
Ўзбекистон — аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этадиган кам сонли мамлакатлардан бири. Бу улкан демографик дивиденддир. Бироқ бу улкан куч реал натижа бериши учун миллионлаб ёшларга сифатли таълим ва замонавий касб-ҳунар берилиши шарт. Акс ҳолда, сифатсиз таълим ишсизлик ва ижтимоий муаммоларни чуқурлаштириши мумкин.
Айни кунларда миллий дастурда белгиланган вазифаларни амалиётга жорий этиш бошланди. Президентимизнинг 2026 йил 3 октябрдаги тарихий Фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бирлаштирилиб, яхлит Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилгани бунинг ёрқин ифодасидир. Ушбу қадам билан боғчадан то олий таълим ва академик илм-фангача бўлган занжир бир бутун тизимга айланди. Илгари таълим босқичлари ўртасида кузатилган узилишлар ва бир-бирини инкор этувчи ёндашувларга чек қўйилди.
Яна бир муҳим ўзгариш — таълим ислоҳотларининг бош мезони сифатида “Ўзбек мактаби битирувчисининг портрети” ғояси илгари сурилди. Узоқ йиллар давомида таълим тизимидаги ислоҳотлар қуруқ рақамлар, ялтироқ ҳисоботлар ёки таъмирланган бинолар сони сингари расмиятчилик билан ўлчаб келинди. Янги стратегик ёндашув эса таълим сиёсатининг марказига рақамларни эмас, инсонни қўйди. Бу шунчаки чиройли ибора эмас, мактабни тугатаётган йигит-қизларнинг қандай фазилат ва кўникмаларга эга бўлишини белгилаб берувчи миллий стандартдир.
Унга кўра, замонавий ўзбек мактаби битирувчиси — тайёр қолиплар билан фикрлайдиган ва фактларни шунчаки ёдловчи ижрочи эмас, балки муаммога танқидий баҳо бера оладиган, таҳлил қилувчи мустақил шахс бўлиши шарт. Ундан шиддат билан ўзгараётган дунёда хорижий тиллар ва рақамли технологияларни мукаммал билиш, глобал меҳнат бозорида рақобатлаша олиш талаб этилади. Энг муҳими, мактабни тамомлаган ҳар бир ёш олий таълимга кира олмаган тақдирда ҳам, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши учун камида иккита тил ва битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаган бўлиши тизимли равишда таъминланади. Бундан ташқари, у ўз халқининг тарихи ва аждодлар меросини чуқур англайдиган юртпарвар инсон сифатида шаклланади. Ислоҳотларнинг муваффақияти энди қоғоздаги фоизларда эмас, балки ҳаётда ўз йўлини топган, юрти ва оиласига фойдаси тегаётган ҳар бир битирувчининг тақдирида акс этади.
Давлатимиз янги ўн йилликни “Миллий юксалиш даври” деб эълон қиларкан, энг қимматли ва узоқ муддатли инвестицияни айнан инсонга йўналтиришни ўзининг биринчи галдаги стратегик вазифаси деб белгилади. Шу нуқтаи назардан, соғлиқни сақлаш, инновация, экология ва иқтисодиёт бўйича қабул қилинган бошқа барча дастурларнинг ижроси ҳам бевосита инсон капиталининг сифатига бориб тақалади.
Миллий дастур ва тарихий фармоннинг ҳаётимизга тўлиқ татбиқ этилиши яқин келажакда Ўзбекистонни юқори интеллектуал салоҳият ва илғор технологиялар экспорт қиладиган ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиши шубҳасиз. Инсон қадри улуғланган юртда ақл-идрокка тикилган сармоя ҳеч қачон самарасиз кетмайди.
Қудратулла Омонов,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
профессори, филология фанлари доктори.
ЎзА