Миллий ва халқаро медиа вакиллари Тошкентда йиғилди
Тошкентда ОАВ ҳафталиги доирасида “Бирлашиш нуқтаси: Сўз – куч” шиори остида халқаро медиа форум бўлиб ўтди.
Анжуманда давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, парламент, халқаро ташкилот, дипломатик корпус, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институти вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида махсус видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси бошқаруви раиси Одилжон Тожиев мамлакатда медиа соҳасини ривожлантириш, журналистларни қўллаб-қувватлаш, миллий ОАВ рақобатбардошлигини ошириш ҳамда замонавий ахборот муҳитини шакллантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
Форумда “Глобаллашув даврида Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёни”, “Ишончли ахборот муҳитини шакллантиришда ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни” мавзуларида шўъба йиғилишлари ташкил этилди.
Муҳокамадан сўнг соҳада халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳалар амалга оширишга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.
[gallery-30233]
Шунингдек, тадбир дастуридан ўрин олган ММА аъзоларининг навбатдаги умумий йиғилишида ташкилотнинг келгуси фаолияти йўналишлари ва соҳани ривожлантиришга қаратилган янги ташаббуслар муҳокама қилинди. Ассоциация сафига қабул қилинган янги аъзоларга сертификатлар топширилди.
Дилшод Ҳакимов,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА