Миллий сертификат олиш имтиҳонлари учун рўйхатдан ўтишдаги ўзгаришлар юзасидан сенатор сўрови юборилди
Миллий сертификат олиш имтиҳонлари таълим тизимида педагоглар ва мутахассисларнинг билим ва малакасини баҳолашнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.
Шу боис мазкур имтиҳонларда иштирок этиш учун яратилган шарт-шароит, хусусан, рўйхатдан ўтиш жараёнининг очиқлиги ва талабгорлар учун тенг имкониятларнинг таъминланиши алоҳида аҳамиятга эга.
Миллий сертификат олиш имтиҳонларига рўйхатдан ўтиш айрим ҳудудларда жуда қисқа вақт ичида ёпилиб қолгани ижтимоий тармоқларда фуқаролар, педагоглар ва бошқа талабгорларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, рўйхатдан ўтишда нафақат ариза топширишнинг умумий муддати, балки талабгор танлаган ҳудуд учун ажратилган ўринлар сони ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки умумий муддат ҳали якунланмаган бўлса-да, муайян ҳудуд учун ажратилган ўринлар тўлиб қолган тақдирда, ушбу ҳудудда бошқа талабгорлар рўйхатдан ўтолмаслигига олиб келади.
Кенг жамоатчиликда бундай амалиёт ўринлар сони қандай мезонлар асосида белгиланаётгани, ушбу мезонлар реал талабни қанчалик акс эттираётгани ва талабгорларнинг имтиҳонда қатнашиш имкониятлари тенг таъминланаётгани ёки аксинча таъминланмаётгани ҳақида ўринли саволларни келтириб чиқармоқда.
Ижтимоий тармоқларда ушбу мавзу кенг муҳокамаларга сабаб бўлганлигини инобатга олиб, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қ.Турсунов Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори М.Каримовга сенатор сўрови билан мурожаат қилди.
Сенатор ҳудуд ва фанлар кесимида ўринлар ажратишда қандай мезонлар қўлланилиши ҳамда рўйхатдан ўтиш жараёнида ўринлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар очиқлигини таъминлаш бўйича кўриладиган техник ва ташкилий чоралар юзасидан тушунтиришлар беришни сўраган.
Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуд учун ўринлар сонини белгилашда потенциал талабгорлар сони ҳисобга олиниши, башарти бир ҳудудда ажратилган ўринлар тўлганда, бошқа ҳудудларда эса бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда, ушбу ўринларни талаб юқори бўлган ҳудудларга қайта тақсимлаш имконияти бор ёки йўқлигига аниқлик киритиш, шунингдек, қўшимча ўринлар ёки қўшимча имтиҳонлар ташкил этиш ҳамда имтиҳонлар қамровини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида асослантирилган жавоб бериш ҳам назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур сенатор сўровига жавоб қонунда белгиланган тартибда ўн кун ичида берилади.
Н.Абдураимова, ЎзА