Миллий ўзлигимиз тимсоли
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 37 йиллиги ҳамда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Ўзбек тили – миллий ўзлигимиз тимсоли” мавзусида маънавий-маърифий ҳамда байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, таниқли тилшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Байрам тадбирида институтнинг ўзбек тили кафедраси доценти М.Худаярова, қозоқ, туркман тили ва адабиёти кафедраси доценти Б.Бекниязов, ўзбек адабиёти кафедраси доценти Н.Алламбергенова ўзбек тилининг жаҳон тиллари орасидаги ўрни, туркий тиллар билан алоқалари ва давлат тили сифатидаги аҳамиятига оид маъруза қилишди.

Таъкидланганидек, бундан 37 йил муқаддам, яъни 1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Республикамизда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш бўйича янги босқич бошланди. Хусусан, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни деб белгилангани унутилмас, тарихий воқеага айланди. Давлат тилининг нуфузи ва мавқеини оширишга қаратилган фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу борада 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепция ва алоҳида дастур ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Байрам тадбирида маърузачилар ва сўзга чиққанлар томонидан ўзбек тилининг жаҳон тиллари орасидаги нуфузини ошириш, мамлакатимизда давлат тили сифатидаги мақомини, қўлланилишини янада такомиллаштириш, филология йўналишида янги йўналишларда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.
Тадбир институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли, “Сий перде” ва “Тараннум” ансамбллари аъзолари, филология факультетининг иқтидорли талабалари ижросидаги байрам концерти билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири