Миллий мусиқамиз жаранги халқаро майдонда яна янгради
Душанбеда ўтган ХХ Ёшлар Делфий ўйинлари фестивалида Ўзбекистон ёш истеъдодлари халқаро саҳнада порлади. Санъатга эътиборнинг ёрқин самараси қандай намоён бўлди?
Юртимизда адабиёт ва санъатга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Натижада бу ўзининг ижобий самарасини бера бошлади.
Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида 5–9 октябрь кунлари МДҲга аъзо давлатларнинг ХХ Ёшлар Делфий ўйинлари бўлиб ўтди. Нуфузли халқаро мусобақа ўз якунига етди. Якуний беллашувлар ортидан ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш ҳамда ўйинларнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Қувонарлиси шуки, мусобақада иштирок этган Ўзбекистон Республикаси миллий терма жамоаси вакиллари ҳам бир қатор ютуқларга эришди. Жумладан, халқ чолғулари йўналишида Абдураҳмонова Моҳларойим I ўринни, Исмаилов Элёрбек эса III ўринни эгаллади. Фортепиано йўналишида Шегай Ксения ҳамда Набиев Сардорбек III ўринга сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда медаллар билан тақдирланди. Мусобақада иштирок этган бошқа ўзбекистонлик иштирокчиларга ҳам дипломлар топширилди.

Мазкур халқаро мусобақа ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, миллий мусиқа санъатини халқаро миқёсда тарғиб этиш ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Шербек Исломов, ЎзА