Миллий ҳунармандчиликка умрини бағишлаган аёл
Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи Муҳаббат Қўшмонова қарийб ярим асрдан буён халқимизнинг ноёб ҳунармандчилик анъаналарини асраб, уни ёш авлодга ўргатиб келмоқда.
Замон шиддат билан ўзгармоқда. Кечагина ҳар бир хонадонда учрайдиган қўлда тўқилган гиламлар, каштали сўзаналар, қуроқ кўрпалар, миллий дўппилар ва безак буюмлари бугун камёб ҳунар намуналарига айланиб бормоқда. Ана шундай шароитда миллий меросни сақлашни ҳаётининг мазмунига айлантирган инсонлар борки, уларнинг меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ.

Шундай фидойи ҳунармандлардан бири Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида ижара уйда яшовчи Муҳаббат Қўшмонова ҳисобланади. Унинг миллий ҳунармандчиликка меҳр қўйганига эллик йилдан ошди. Бу меҳр тасодиф эмас. У ота-онасининг ҳаёти, уларнинг меҳнатсеварлиги ва сабр-матонатидан бошланган.

Муҳаббат опанинг ота-онаси асли Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги Боғишамол қишлоғидан. Ҳаётнинг оғир синовлари туфайли улар Мирзаобод туманидаги, ҳозирги Тошкент маҳалласига кўчиб келиб, қишлоқ хўжалик соҳасида меҳнат қилган. Отаси Маматқобил бобо моҳир сувчи, онаси эса илғор пахтакор сифатида эл ҳурматига сазовор бўлган.

— Ҳунармандчиликнинг илк сирларини онамдан ўргандим. Кейинчалик Мирзаобод туманида яшаган Зарҳал момом, қариндошларимиз ва устозларимдан ҳунар сирларини пухта эгалладим. Шу кунгача уларнинг дуоси ва меҳнати мени қўллаб келмоқда, — дейди Муҳаббат Қўшмонова.
У Мирзаобод туманидаги 11-мактабни тамомлаб, тиббиёт билим юртида таҳсил олди. 1986 йилдан бошлаб қарийб йигирма беш йил давомида Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмасида акушерка бўлиб меҳнат қилди. Бироқ шифохонадаги масъулиятли иш миллий ҳунармандчиликка бўлган меҳрини сўндирмади.
Ишдан бўш вақтларини гилам тўқиш, кашта тикиш, янги нақшлар яратиш ва қадимий ҳунарларни ўрганишга бағишлади.

Бугун Муҳаббат Қўшмонова ўзбек халқ амалий санъатининг ўнлаб йўналишларини мукаммал ўзлаштирган усталардан бири ҳисобланади. У жулхирс, палос, терма гилам, ғажари, қоқма гилам, тақир гилам, оқ энли гилам, қўлда тўқилган жун ва ипак гиламлар тайёрлайди. Шунингдек, сўзаналар, қуроқчилик буюмлари, каштали дастурхонлар, миллий либослар, атлас ва адрас кўйлаклар, камзуллар, чопонлар, Жиззах услубидаги лола нақшли дўппилар, намат, сумка, сават ва миллий сувенирлар ҳам унинг қўл меҳнати маҳсулидир.
Ҳар бир буюмда халқимизнинг кўп асрлик тарихи, миллий нақшлар жозибаси ва аёл қалбининг нозик диди акс этади.
2013 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган республика ҳунармандлар кўргазмасида Муҳаббат Қўшмонованинг ишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Унинг қўл меҳнати билан яратилган буюмлари маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда хорижлик меҳмонлар томонидан ҳам юқори баҳоланди.

Бу эътироф ҳунарманд учун янги марралар сари интилишга туртки бўлди. Бироқ фаолиятини кенгайтириш, устахона ташкил этиш ва шогирдлар тайёрлаш борасида кутилган амалий кўмакка эриша олмади.
Шунга қарамай, Муҳаббат опа ҳунардан воз кечмади. Аксинча, ўз билим ва тажрибасини ёшларга ўргатишни бурч деб билди. Бугунга қадар у юздан зиёд қиз-ёшларга миллий ҳунармандчилик сирларини ўргатди. Қизи Мадина ҳам онасининг изидан бориб, замонавий макраме техникасида интерьер буюмлари тайёрлаш билан шуғулланмоқда.
— Энг катта орзум — устоз-шогирд мактабини ташкил этиш. Агар маҳаллий ҳокимлик, вилоят ҳунармандлар уюшмаси, оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан амалий кўмак бўлса, ўнлаб ёшларга йўқолиб бораётган ҳунар турларини ўргатган бўлардим. Бу орқали момоларимиздан мерос бўлиб келган миллий ҳунармандчилик анъаналари янада ривожланарди, — дейди Муҳаббат Қўшмонова.
Бугун у тўрт нафар қиз фарзанд, ўн икки нафар набиранинг меҳрибон онаси ва бувиси. Унинг энг катта бойлиги ҳам айнан шу — аҳил оиласи ва авлоддан-авлодга ўтиб бораётган ҳунар мероси.
Муҳаббат Қўшмонованинг ҳаёт йўли бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: миллий ҳунармандчиликни асраш фақатгина касб эмас, балки халқ тарихи, маданияти ва маънавиятини келажакка етказишдек улуғ миссиядир. Ана шундай фидойи инсонлар бор экан, халқимизнинг бой амалий санъат анъаналари бардавом бўлиб, келгуси авлодларга ҳам бекаму кўст етиб боради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири