Миллатнинг эртанги тафаккури илмли, зукко қизларимизга боғлиқ
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган нутқида бугун янгиланишга юз тутган Ватанимизда талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси эканига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Гендер тенгликни таъминлаш бўлими бошлиғи Ўғилой Ўразова бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди.
— “Қизим, албатта, олима бўлади, китоб ёзади, тадбиркор бўлади, тил ўрганади, кашфиётлари дунёни кезади...” Бугун кўплаб ота-оналарнинг қалбидан ўтаётган эзгу ниятлар шундай. Бу сўзлар замирида фарзандига бўлган меҳр билан бирга, унинг истеъдоди ва келажагига катта ишонч ҳам мужассам. Зеро, ота-онаси ишонган, қўллаб-қувватлаган қиз ўз олдига катта мақсадлар қўйишдан чўчимайди. Аммо унинг орзулари рўёбга чиқиши, қобилияти намоён бўлиши учун фақат оила меҳри ва кўмаги кифоя қилмайди. Бу йўлда давлатнинг ҳам эътибори ва амалий ёрдами муҳим. Бугун Ўзбекистонда хотин-қизлар таълимига қаратилаётган эътибор ана шу орзуларни ҳаётга татбиқ этиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллик тараққиёт йўлига назар ташлар эканмиз, бир ҳақиқат тобора ойдинлашади: мамлакатнинг энг катта бойлиги унинг билимли, мустақил фикрлайдиган, янгилик яратишга қодир фарзандларидир. Буни жадид боболаримиз ҳам бир асрдан зиёд вақт аввал яхши англаган. Маҳмудхўжа Беҳбудий «Эҳтиёжи миллат» мақоласида: «Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур», дея бежиз таъкидламаган. Орадан юз йилдан ортиқ вақт ўтди. Дунё ўзгарди, тараққиёт суръати тезлашди, янги технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Аммо бир нарса ўзгармади: ҳар қандай тараққиётнинг замирида билим ва илм-фан туради. Бугун мамлакатнинг қудрати ҳам фақат табиий бойликлари билан эмас, балки билим яратадиган, янгича фикрлайдиган ва рақобатга қодир авлоди билан ўлчанмоқда.
Шу маънода, сўнгги йилларда инсон капиталини ривожлантириш, айниқса, қизларнинг сифатли таълим олиши ва ўз имкониятларини тўлиқ намоён этишига қаратилаётган эътиборнинг аҳамияти беқиёс. Чунки таълим олган бир қиз фақат ўз ҳаётини ўзгартириб қолмайди. Унинг билими оиласига, фарзандлари тарбиясига, касбий фаолияти ва атрофидаги муҳитга ҳам таъсир кўрсатади. Билимли қиз эртага билимли она, малакали мутахассис, ташаббускор тадбиркор ёки жамият ҳаётида фаол иштирок этадиган шахс бўлиб етишади. Демак, бугун қизлар таълимига киритилаётган сармоя аслида мамлакатнинг келажагига қўйилаётган сармоядир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2026 йил 28 август куни мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимда талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётганини «Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси» дея баҳоладилар. Давлатимиз раҳбарининг «Билимли қизлар билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир», деган фикрлари эса бугунги таълим сиёсати замирида қандай катта мақсад турганини яққол ифода этади. Зеро, қизларнинг бугунги билими эртанги жамиятнинг қандай бўлишини белгилайди.
Рақамлар ҳам бу борадаги ўзгаришларни яққол кўрсатиб турибди. Айни пайтда бакалавриатда таҳсил олаётганларнинг 54 фоизи, магистратура талабаларининг 66 фоизи хотин-қизлардир. Илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланаётганларнинг 42 фоизини ҳам аёллар ташкил этмоқда. Бу рақамлар ортида минглаб қизларнинг орзуси, изланиши, меҳнати ва интилиши бор. Бугун университет аудиторияларида билим олаётган қизлар эртага ишлаб чиқаришни ривожлантирадиган муҳандис, инсонлар саломатлиги учун масъулиятни зиммасига оладиган шифокор, Ватан шарафини ҳимоя қиладиган спортчи ёки ўз бизнесини йўлга қўйиб, мамлакат брендини дунёга танитадиган тадбиркор бўлиб етишади. Энг муҳими, улар ўз билим ва салоҳияти билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшади.
Албатта, бугунги натижалар ўз-ўзидан қўлга киритилгани йўқ. Бунинг ортида изчил сиёсий ирода, аниқ қарорлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар турибди. Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон фармони хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлди. Фоизсиз таълим кредитлари, давлат олий таълим ташкилотлари магистратурасида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракт тўловларини белгиланган тартибда бюджетдан қоплаш, илмий фаолият билан шуғулланиш учун яратилган имкониятлар кўплаб оилаларнинг оғирини енгиллатди. Бир пайтлар фарзандини ўқитиш учун маблағ излаб қийналган ота-оналар учун бу катта таянч бўлди. Энг муҳими, моддий имконият чеклангани учун орзусидан воз кечиши мумкин бўлган қанчадан-қанча қизларга ўқишни давом эттириш имкони берилди.
Бу борадаги ишлар кейинги йилларда ҳам давом эттирилмоқда. Масалан, 2025/2026-ўқув йилидан эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун қўшимча давлат грантлари 2 мингдан 4 мингга етказилди. Камида беш йил иш стажига эга, олий маълумоти бўлмаган аёллар учун қўшимча тўлов-контракт квотаси эса 500 тадан 2 минг 500 тага оширилди. Бу қарорларнинг аҳамияти шундаки, улар ҳаётдаги турли вазият ва шароитларни ҳисобга олади. Оилавий ёки моддий сабабларга кўра ўқишга кира олмаган қизга янги имконият берилади. Бир неча йил меҳнат қилиб, тажриба орттирган, аммо олий маълумот олишга улгурмаган аёлга эса ўз касбининг малакали мутахассиси бўлиш учун йўл очилади. Яъни, таълим олиш имконияти инсоннинг ёши ёки ҳаётий шароити билан чекланиб қолмаслиги учун шароит яратилмоқда.
Қувонарлиси, бу имкониятлар ўз самарасини бера бошлади. Бугун юртимизнинг турли ҳудудларидан халқаро майдонларда эътироф этилаётган қизларимиз етишиб чиқмоқда. Кегейли туманидан Индира Сатниязованинг халқаро математика олимпиадасида совринли ўринни қўлга киритиши, бувайдалик Дилфўз Жўрабоеванинг халқаро стартап танловларидаги муваффақиятлари, Бухоро ва Навоийдан чиққан ёш қизларнинг фан олимпиадаларидаги натижалари, спорт майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтараётган чемпионларимиз ютуқлари бизни беҳад қувонтиради. Бу натижаларнинг яна бир муҳим жиҳати бор: иқтидор фақат пойтахт ёки йирик шаҳарларда эмас, юртимизнинг энг чекка туманларида ҳам бисёр. Муҳими, уларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш учун имкониятлар тобора кенгаймоқда. Бугун олис ҳудудлардаги қизлар ҳам катта орзулар билан яшаяпти, халқаро майдонларга чиқишга интиляпти.
Қизлар таълими ҳақида гапирганда, унинг натижасини фақат дипломлар ёки илмий даражалар сони билан баҳолаб бўлмайди. Чунки билимнинг энг муҳим самараларидан бири инсоннинг кундалик ҳаётида, оиласида ва фарзандлар тарбиясида намоён бўлади. Китоб ўқийдиган, атрофдаги воқеаларга бефарқ бўлмайдиган, ҳар бир масала ҳақида ўйлаб, мушоҳада қиладиган она фарзандига ўзи билмаган ҳолда ҳам катта сабоқ беради. Бола оилада меҳнатни қадрлашни, савол беришни, изланишни, хатолардан хулоса чиқаришни ўрганади. Шунинг учун ҳам бир қизнинг бугун олган билими эртага фақат унинг эмас, балки бутун бир авлоднинг ҳаётида акс этиши мумкин.
Айниқса, бугунги ахборот асрида бу масаланинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Энди болалар дунёни фақат дарсликлар ёки катталарнинг тушунтиришлари орқали англамайди. Уларнинг қўлида телефон, қаршисида эса чексиз ахборот олами бор. Бу оламда фойдали билим ҳам, чалғитувчи маълумот ҳам, тўғри фикр ҳам, нотўғри қараш ҳам учрайди. Ана шундай шароитда болага фақат маълумот бериш эмас, уни тўғри фикрлашга, ахборотни таҳлил қилишга, яхши билан ёмонни ажратишга ўргатиш муҳим. Бунинг учун эса ота-онанинг ўзи ҳам билимли, изланувчан ва замон билан ҳамнафас бўлиши керак. Демак, қизларнинг таълим олиши нафақат уларнинг шахсий келажаги, балки оиладаги маърифий муҳит ва фарзандлар тарбияси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Энди олдимизда турган асосий вазифа — яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш ва уларни аниқ натижаларга айлантириш. Қизларимизнинг олий таълимга кириши, диплом олиши муҳим. Лекин бу ҳали якуний мақсад эмас. Уларнинг олган билими илм-фанда янги кашфиётларга, ишлаб чиқаришда инновацияларга, тадбиркорликда янги лойиҳаларга, жамият ҳаётида эса ижобий ўзгаришларга айланиши керак. Бунинг учун давлат идоралари, таълим муассасалари, маҳалла ва оила ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, ҳар бир қизга ўз иқтидорини намоён этиши учун зарур шароит яратиш муҳим.
Янги Ўзбекистон тараққиётида хотин-қизларнинг билими ва салоҳияти оддий ижтимоий масала эмас, балки мамлакат келажагини белгилайдиган муҳим кучдир. Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, маърифатли жамият барпо этишда қизларимизнинг ҳам муносиб ўрни бўлиши керак. Ахир бугун катта орзулар билан китоб ўқиётган, изланаётган, тил ўрганаётган қизлар орасида эртанги куннинг машҳур олималари, ихтирочилари, раҳбарлари ва тадбиркорлари бор. Уларнинг ҳар бирига ўз имкониятини намоён этиш учун шароит яратиш эса барчамизнинг вазифамиз.
Зеро, миллатнинг эртанги тафаккури бугун қизларимизга берилаётган таълим, уларга билдирилаётган ишонч ва яратилаётган имкониятлардан бошланади.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова ёзиб олди.