Миллат генофонди ва аҳоли саломатлиги – олий қадрият
Янги қонун
Аср вабоси сифатида инсоният келажагига рахна солаётган энг катта хавфлардан бири бу – гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар синтетик аналогларининг ноқонуний айланмасидир.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, гиёҳвандлик нафақат шахс соғлиғини емиради, балки жамият ижтимоий-иқтисодий асосларига путур етказади, жиноятчиликнинг ортишига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик балосидан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан ўтказилган тақдимот бу борадаги ишларни мутлақо янги сифат босқичига олиб чиқди. Давлатимиз раҳбари Парламентимиз томонидан қабул қилган янги тарихий қонунни имзолаши, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва келажак авлодни асраб-авайлаш йўлидаги энг қатъий қадамлардан бири бўлди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бунгача мавжуд бўлган ҳуқуқий механизмлар наркобизнеснинг замонавий ва яширин усулларига қарши курашишда тизимли бўшлиқларга эга эди. Шу сабабли, янги қонун билан Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” номли янги алоҳида боб киритилди.

Жиноят кодексига бундай номланишдаги махсус бобнинг киритилиши давлатнинг ушбу иллатга бўлган муносабати тубдан ўзгарганини англатади. Эндиликда гиёҳвандликка оид жиноятлар нафақат жамоат тартибига қарши қаратилган ҳаракат, балки миллатнинг биологик ва интеллектуал келажагига (генофондига) қилинган тўғридан-тўғри таҳдид сифатида малакаланади.
Айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида “аптека наркоманияси” ёки синтетик гиёҳвандлик моддаларининг тарқалиши хавфи кучайган бир шароитда, ушбу боб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кучли ва муросасиз ҳуқуқий қурол бўлиб хизмат қилади.
Барчага маълум, бугунги кунда анъанавий қорадори ёки кўкнорнинг ўрнини кимёвий йўл билан олинадиган, инсон руҳиятини биринчи истеъмолданоқ издан чиқарадиган синтетик наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи психотроп моддалар эгалламоқда. Уларнинг савдоси асосан интернет тармоғи, яширин мессенжерлар ва рақамли тўлов тизимлари орқали амалга оширилмоқда.
Янги қонун наркожиноятларнинг ана шундай замонавий усул ва шаклларини инобатга олган ҳолда, қуйидаги қилмишлар учун алоҳида ва кескин жавобгарликни белгиламоқда. Хусусан, эндиликда синтетик моддаларни яширин лабораторияларда ишлаб чиқарувчиларга нисбатан энг оғир жазо чоралари қўлланилади. Наркотрафикни ташкил этувчи, уларни молиялаштирувчи ва жараённи парда ортидан бошқарувчи “наркобарон”лар ва жиноий гуруҳ етакчилари учун жазо муқаррарлиги таъминланади.
Ушбу чоралар жиноятнинг нафақат оқибати билан, балки унинг илдизи ишлаб чиқарувчиси, ташкилотчиси ва маблағ билан таъминловчиси билан курашиш имконини беради.
Шунингдек, янги қонун ҳужжати шунчаки янги қоидаларни киритиш билан чекланмай, мавжуд тизимдаги жазо чораларини ҳам кескинлаштирди. Хусусан, аҳоли саломатлиги ва генофондига жиддий хавф солувчи жиноятлар учун жавобгарлик назарда тутилган амалдаги 16 та модда ҳамда 3 та ўта оғир жиноятлар бўйича янги моддалар киритилиб, уларга алоҳида мақом берилди. Бу турдаги жиноятлар қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида жиноий жавобгарлик чоралари оғирлаштирилди.
Энг муҳими, ўта оғир турдаги айрим наркожиноятлар учун жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби қўлланилмаслиги белгиланди. Бу ўзгаришлар жамиятда жиноят учун жазонинг муқаррарлиги принципини янада мустаҳкамлайди. Ҳар қандай жиноятчи ёшларни заҳарлаш орқали бойлик орттиришнинг оқибати узоқ йиллик қамоқ жазоси эканини англаб етади.
Гиёҳвандлик моддалари ёки руҳиятга таъсир қилувчи воситалар таъсирида транспорт воситасини бошқариш – бу нафақат ҳайдовчи, балки йўлдаги юзлаб бегуноҳ инсонлар, пиёдалар ва йўловчиларнинг ҳаётини хавф остига қўйиш демакдир. Қонунчиликдаги янги ўзгаришлар мана шундай хавфли ҳолатларнинг олдини олиш, йўлларда тартиб-интизомни кучайтириш ва инсонлар ўлими билан боғлиқ мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаларига чек қўйишга қаратилганлиги билан ҳам янада аҳамиятлидир.
Умуман олганда, ушбу қонун наркожиноятчиликка қарши курашишни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Шу боис, қонуннинг қабул қилиниши бу шунчаки ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки давлатнинг ўз фуқаролари, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшлар ҳаётига кўрсатаётган юксак эътибори ва ғамхўрлигининг амалий ифодасидир. Эндиги вазифа ушбу қонун ижросини жойларда қатъий таъминлаш, кенг жамоатчилик, маҳалла ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда гиёҳвандликка қарши “ижтимоий иммунитет”ни шакллантиришдан иборатдир.
Зеро, соғлом миллат ва хавфсиз жамият – кучли ва қудратли давлатнинг бош пойдеворидир. Бу, айниқса, Парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутати бўлган халқ вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди. Биз, халқ вакиллари жойларда қонун ижросига масъул бўлган давлат идоралари билан ҳамкорликда белгиланган ҳар бир норма ижросини таъминлашга тўлақонли масъул саналамиз.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА