МИБ хабарлари – қисқа сатрларда
Болалар она тарбиясига қайтарилди
Низоли вазиятлар, яъни болаларни отаси ёки онасига олиб бериш каби ҳужжатлар ижросини таъминлашга Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари алоҳида эътибор қаратмоқда. Мазкур тоифадаги ҳужжатлар ижросини таъминлашда энг аввало, оилаларни яраштириш, аросатда қолаётган фарзандларни ота-она тарбиялаши кенг тушунтирилмоқда.
Наманган вилоятининг Уйчи туманида яшовчи фуқаро А.И. оилавий келишмовчилик сабабли турмуш ўртоғи Ш.И. билан ажрашиб кетади. Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2022 йил 16 февралдаги қарорига асосан икки нафар вояга етмаган фарзандни она тарбиясига олиб бериш кўрсатиб ўтилган.
МИБ томонидан 2009 ва 2012 йилда туғилган болаларни онаси тарбиясига олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилди. Давлат ижрочиси томонидан қарздорга болани онасига ихтиёрий равишда топшириш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган бўлса-да, қарздор фарзандларни онасига топширмаган. Ўз ўрнида бир неча бор турли суднинг қарори билан ижро ҳужжатлари вақтинча тўхтатиб турилган. Иш юритув давом этгандан сўнг яқинда бўлим биносида болаларни она тарбиясига олиб бериш бўйича мажбурий ҳаракатлар олиб борилди. Бунинг натижасида МИБ масъул ходими томонидан тегишли идора вакиллари ва холислар иштирокида болалар она тарбияга қайтарилди.
15,2 миллиард сўм зарар ундириб берилди
МИБ томонидан 2022 йилнинг ўтган даврида олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 549 та ижро ҳужжати бўйича жами 15 миллиард 200 миллион сўм ундириб берилди.

Бюронинг Уйчи туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра даъвогар Сайфиддин Акбаровга жавобгар Отабек Мадраҳимов ва бошқалардан 110 миллион 780 минг сўм қарз ундириш кўрсатиб ўтилган.
Амалдаги тартибга кўра жавобгарларга қарздорликни тўлаб қўйишлиги учун ихтиёрий муддат берилган. Бироқ бунга масъулиятсизлик билан қаралиб, қарздорлик 15 кунлик муддатда қопланмади. Ўз ўрнида давлат ижрочиси томонидан тегишли ташкилотларга жавобгарга тегишли мол-мулклар, транспорт воситалари бор-йўқлиги юзасидан сўров юборилади. Олинган маълумотларга кўра қарздор номида енгил автотранспорт борлиги аниқланади. Олиб борилган мажбурий ҳаракатлар давомида мазкур транспорт воситаси хатланиб, ҳозирда реализация қилиш чоралари кўрилмоқда.
Ота ўз фарзандлари учун 115 миллион сўм тўлади

МИБ Наманган шаҳар бўлими томонидан яна бир алимент билан боғлиқ ҳужжат ижроси тўлиқ таъминланди. Бунга қарздор ота икки нафар боласи вояга етгунга қадар ҳисобланган суммани тўлиқ тўлаб бергани асос бўлди.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суд буйруғига асосан қарздор Б.А.дан ундирувчи М.Қ. фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Б.А. болалари катта бўлгунига қадар алимент пулларини олдиндан бир йўла тўлаб бериш мақсадида давлат ижрочисига мурожаат қилган. Унинг мурожаати қондирилиб, қарздорнинг фарзандлари то 18 ёшга киргунигача ҳисобланган 115 миллион сўм пул ундирувчига тўлаб берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА