МИБ: тадбиркорлар мурожаати доимо эътиборда
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда туман, шаҳар бўлимларига жорий йилнинг биринчи чорагида тадбиркорлик субъектларидан 215 та мурожаат келиб тушган.
Бошқарма катта инспектори Рустам Хўжақуловнинг маълум қилишича, бу мурожаатларнинг 186 таси ҳал қилинган, 91 таси қаноатлантирилиб, 95 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 37 та тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари тикланган. Жойларда ташкил этилган Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, kb business.gov.uz электрон манзилда бюронинг ҳар бир туман, шаҳар бўлимида қайд этилган тадбиркорларнинг мурожаатлари электрон тизимда кузатиб борилмоқда. Ушбу электрон тизим орқали тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган 41 та мурожаат бўйича тегишли тартибда ва белгиланган муддатларда жавоб хатлари тизимга бириктирилган.
– Мисол учун Тайлоқ туманида яшовчи фуқаро Н.Омонтурдиеванинг ўзи ва опаси Р.Омонтурдиевага суднинг ижро ҳужжатига асосан пулларни қайтаришда амалий ёрдам сўраган мурожаати бошқарма томонидан ўрганилди, – дейди Р.Хўжақулов. – Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 4 мартдаги вилоят ИИБ депозит рақамида сақланаётган 32 миллион 781 минг сўм пуллардан ундирувчи Н.Омонтурдиеванинг фойдасига 21 миллион 447 минг сўм миқдордаги пулни ўтказиш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига шу йил 28 мартда келиб тушган ва шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Мурожаатни ўрганиш давомида, 2022 йил 1 апрелдаги тўлов топшириқномасига асосан ундирувчи Н.Омонтурдиеванинг банк картасига белгиланган сумма ўтказиб берилиши таъминланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА