МИБ: қарздор ўз мажбуриятини бажарди
Жорий йилнинг 13 март куни Президентимиз раислигида халқ мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилишга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ишсиз алимент тўловчи шахсларни иш ва доимий даромад билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасининг Наманган тумани бўлими томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар доирасида мазкур вазифалар ижросига киришилди.
Яқиндагина, қарздор Қ.Қ. фарзандини моддий таъминлаш мажбуриятини узоқ вақт давомида бажармасдан келгани сабабли, давлат ижрочиси томонидан тегишли ҳужжатлар судга тақдим этилди. Суд жараёни давомида қарздор ўз мажбуриятини англаб етгани ҳолда, 35 миллион сўм пулни тўлиқ тўлаб берди.
Мазкур ҳолат нафақат қонун устуворлигининг таъминланганини, балки фарзандлар манфаати ҳар доим устувор эканини яна бир бор намоён этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.