Менингококк — яширин бошланиб, тез хатарга айланади
Менингококк инфекцияси оддий шамоллашга ўхшаш аломатлар билан бошланиши мумкин, аммо қисқа вақт ичида оғир ва ҳаёт учун хавфли ҳолатга олиб келиши эҳтимоли юқори бўлган юқумли касалликлардан бири ҳисобланади. Айнан шу жиҳат уни эрта аниқлаш ва олдини олиш чораларини кучайтиришни долзарб вазифага айлантирмоқда.
Гулистон тиббиёт кластерида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда менингококк инфекциясининг келиб чиқиш сабаблари, хавф омиллари, клиник кечиши ҳамда профилактика чоралари атрофлича муҳокама қилинди. Унда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жамшид Султонов, вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Шерзод Бойтўраев, мазкур шифохона мутахассислари, турли тиббиёт муассасалари ходимлари ҳам фаол иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, менингококк инфекцияси инсон организмида жуда тез — айрим ҳолларда ғоят қисқа фурсатларда фаолиятга киришиши мумкин.Шу боис унинг дастлабки аломатларини ўз вақтида англаш ҳаётни сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Хусусан, тана ҳароратининг кескин кўтарилиши, кучли бош оғриғи, бўйин ва бел соҳасида қаттиқлик, юз ва танада қизил ёки кўкимтир тошмалар пайдо бўлиши, кўзнинг ёруғликка сезгирлиги, умумий ҳолсизлик, қайт қилиш, тез нафас олиш ва онгнинг хиралашиши каби белгилар касалликдан дарак бериши мумкин.

Мутахассислар қайд этганидек, инфекция қўзғатувчиси асосан ҳаво-томчи йўли орқали — йўталиш, аксириш, шунингдек, яқин мулоқот пайтида (идиш-товоқ ва ичимликларни бир идишдан фойдаланиш ва истеъмол қилиш орқали) юқади. Айниқса, ёпиқ ва шамоллатилмайдиган жойларда узоқ вақт бирга бўлиш инфекция тарқалиш хавфини янада оширади.
Семинарда профилактика чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, қўлларни тез-тез ювиш, оммавий жойларда эҳтиёткорликни ошириш, иммунитетни мустаҳкамлаш, шунингдек, вакцинация менингококк инфекциясига қарши энг самарали ҳимоя воситаларидан бири экани таъкидланди. Шу билан бирга, шубҳали аломатлар кузатилганда ўзини ўзи даволашга уринмасдан, зудлик билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш зарурлиги уқтирилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олишди,шунингдек,уларга амалий тавсиялар берилди. Энг муҳими, бундай маърифий тадбирлар орқали аҳоли ва тиббиёт ходимлари ўртасида юқумли касалликларга нисбатан онгли ва масъулиятли муносабатни шакллантириш, уларнинг олдини олишда тизимли ёндашувни кучайтириш мумкинлиги алоҳида таъкидланди.
Шу тариқа, менингококк инфекциясига қарши курашишда энг самарали йўл — хабардорлик, эрта ташхис ва ўз вақтида кўрилган профилактик чоралар экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири