Мен ҳам Ватан ҳимоячиси бўламан
Шарқий ҳарбий округ қўшинлари Андижон гарнизонидаги ҳарбий қисмда «Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқатнинг тимсолидир» шиори остида «Очиқ эшиклар куни» тадбири бўлиб ўтди.
Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Андижон шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди.
Ёшларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий касбга бўлган қизиқишини ошириш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини намойиш этиш мақсадида ўтказилган тадбирда ҳарбийлар томонидан мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди. Ҳарбий касб масъулияти, машаққати ҳамда Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги ҳақида гапирилди.
Ҳарбий қисм аскарларининг ҳарбий техника ва жанговар қуроллардан фойдаланиш борасидаги кўргазмалари, ёшлар билан ўтказган мулоқот ҳамда суҳбатлари ёшларнинг ҳарбий бурчга бўлган қизиқишини, она Ватанга муҳаббат ва садоқатини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
[gallery-15473]
–Тадбир доирасидаги кўргазмалар мен каби барча ёшлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди, ҳарбийларга, ҳарбий бурчга бўлган ҳурматимизни янада оширди, – дейди Андижон машинасозлик институти 3- босқич талабаси Суннатулло Муҳиддинов. – Келгусида мен ҳам йигитлик бурчимни ўташни, ҳарбий хизматга бориб, Ватан ҳимоячиси бўлишни дилимга тугиб қўйдим.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари