Меҳр ва саховат айёмида ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янги босқичи намоён бўлди
Муносабат
Ўзбекистон давлат сиёсатининг марказида энг олий қадрият сифатида инсон, унинг ҳаёти ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи турибди.
Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ислоҳотларимизнинг устувор йўналишига айланди. Бу эзгу тамойиллар халқимизнинг бағрикенглик фазилатларини ўзида мужассам этган муборак Қурбон ҳайити яқинлашаётган шу кунларида янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда.

Бугунги мураккаб иқтисодий ва сиёсий вазиятда ижтимоий давлат мақомини сақлаб қолиш катта масъулиятни талаб этади. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат ҳеч бир фуқарони ўз муаммолари билан ёлғиз қолдирмасликни мақсад қилган.
Қурбон ҳайити арафасида ишлаб чиқилган ва давлатимиз раҳбарига тақдим этилган кенг кўламли чора-тадбирлар дастури ушбу фикрнинг яққол исботидир.
Мазкур ташаббуслар пакети бир қатор вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, Маҳаллалар уюшмаси, “Вақф” хайрия жамоат фондининг чуқур таҳлиллари асосида ишлаб чиқилди.
Давлат органлари ва диний-ижтимоий ташкилотларнинг ҳамкорлиги жамиятдаги ижтимоий шерикликни янги босқичга олиб чиқади. Ҳар бир маҳалла ва хонадон ўрганилиб, кўмакка муҳтож фуқаролар, хаста болалар ва ёлғиз кексаларнинг рўйхати шакллантирилди. Натижада, Қурбон ҳайити тадбирлари шунчаки бир марталик эмас, балки инсонлар ҳаётини яхшилашга хизмат қиладиган тизимли ижтимоий лойиҳага айланди.
Дастурнинг энг муҳим йўналишларидан бири оғир хасталикка чалинган болалар ва беморларнинг соғлиғини тиклашдир. Ушбу ташаббус доирасида ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликлари бор 10 минг нафар болада мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Бу минглаб оилаларга қувонч ва умид бахш этади.
Шунингдек, онкологик касаллиги бор 2,3 минг нафар беморни тиббий текширувдан ўтказиш ва уларни даволаш харажатлари давлат ва жамоат фондлари томонидан қопланади. Энг қувонарлиси, катта маблағ талаб этадиган жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини камида 350 нафар беморда ўтказиш харажатлари ҳам дастурга киритилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент ташаббуси билан 8 минг нафардан ортиқ етим болалар ҳамда Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фарзандларига маълум миқдордаги миқдорда бир марталик моддий ёрдам пуллари тўғридан-тўғри банк ҳисобварақларига ўтказиб берилади. Бу чора-тадбир ёш авлодга давлат уларнинг орқасида тоғдек турганини кўрсатувчи маънавий далдадир.
Бундан ташқари, диний ва маънавий қадриятларимизни қадрлаш мақсадида юртимиздаги 500 та масжидда кексалар, аёллар ва имконияти чекланган шахслар учун қулай шароитлар яратилади, яъни таҳоратхоналар таъмирланади.
Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун “Вақф” хайрия жамоат фондига жами 690 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу маблағлар мақсадли ва шаффоф сарфланиши кафолатланади. Шунингдек, байрам арафасида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга махсус озиқ-овқат тўпламлари етказиб берилади, эҳсон дастурхонлари ёзилади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу умуммиллий тадбирлар мамлакатимизнинг янги ижтимоий қиёфасини белгилайди. Бу лойиҳалар жамиятда меҳр, ишонч ва давлатнинг ўз фуқаросига бўлган чексиз ғамхўрлигининг рамзидир.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати.
ЎзА