Меҳнат қадрланган жойда барака бўлади
Юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ жойларда даромад манбаларини кўпайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда томорқа хўжаликлари ҳамда чорвачилик муҳим ўрин тутади. Айниқса, меҳнатни қадрлайдиган, ҳар бир қарич ердан ва ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланадиган хонадонлар нафақат ўз оиласи, балки маҳалла тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда. Бухоро вилоятидаги Қоракўл туманининг Дарғали маҳалласи ана шундай меҳнаткаш инсонлари билан эътиборга лойиқ масканлардан биридир.
Дарғали маҳалласида бугунги кунда 905 та хонадонда 1 213 та оила истиқомат қилади. Аҳолининг асосий қисми чорвачилик, деҳқончилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги билан шуғулланади. Маҳаллада ҳар бир хонадон ўз имкониятидан самарали фойдаланиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали даромадини оширишга интилмоқда.
Шундай ибратли оилалардан бири — Худойберди Олтибоев хонадонидир. Кўп йиллик меҳнат ва тажриба натижасида улар чорвачиликни оилавий даромаднинг мустаҳкам манбаига айлантирган. Замонавий талаблар асосида барпо этилган оғилхонада бугун 10 бош наслли қорамол парваришланмоқда. Ҳар бир жониворнинг озуқа рациони, ветеринария назорати ва парваришига алоҳида эътибор қаратилиши юқори самарадорликни таъминламоқда.
— Мол боқаётган оила ҳеч қачон кам бўлмайди. Ёшлигимиздан чорвачиликка меҳр қўйганмиз. Наслли қорамолларни кўпайтириш, уларни сифатли парваришлаш ва тўғри озиқлантириш орқали меҳнатимиз самарасини кўряпмиз. Меҳнатнинг ортидан барака келади, — дейди Худойберди Олтибоев.

Бу сўзлар ортида йиллар давомида тўпланган ҳаётий тажриба ва ҳалол меҳнат фалсафаси мужассам. Чунки чорвачилик нафақат даромад манбаи, балки оиланинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи муҳим тармоқ ҳамдир.
Таҳлилларга эътибор қаратилса, битта чорвачилик хўжалиги орқали оила сут, қатиқ, қаймоқ, сариёғ, сузма каби табиий маҳсулотлар билан тўлиқ таъминланади. Бўрдоқига боқилган қорамоллар эса гўшт маҳсулотлари ва қўшимча даромад манбаини яратади. Бу эса бозордан харажатларни қисқартириш билан бирга, оиланинг иқтисодий барқарорлигини ҳам мустаҳкамлайди.

Дарғали маҳалласида бугун томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхона ташкил этиш ва чорвачиликни ривожлантириш оддий машғулот эмас, балки ҳаёт тарзига айланган. Маҳалла аҳолиси меҳнат орқали фаровонликка эришиш мумкинлигини амалий мисолларда намоён этмоқда. Бу ерда ҳар бир томорқа даромад манбаи, ҳар бир оғилхона эса оила келажагига хизмат қилаётган кичик иқтисодий лойиҳага айланган.
Энг аҳамиятлиси, бундай ташаббускор хонадонлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса маҳаллада янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли бандлигининг таъминланишига, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайишига ҳамда қишлоқ аҳолиси турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилмоқда.
Дарғали маҳалласидаги меҳнаткаш инсонлар фаолияти бир ҳақиқатни яна бир бор исботламоқда: фаровонлик тасодиф эмас, балки ҳалол меҳнат, сабр-тоқат ва оқилона режалаштириш самарасидир. Худойберди Олтибоев каби фидойи инсонлар тажрибаси юртимизнинг бошқа маҳаллалари учун ҳам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Зеро, меҳнат қадрланган жойда барака, барака бўлган жойда эса тараққиёт ва фаровон ҳаёт барқарор бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири