Медиа соҳа равнақига оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди
Ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар лойиҳасининг атрофлича таҳлил ва муҳокамаси уларнинг ҳар жиҳатдан мукаммаллигини таъминлашда муҳим омил саналади. Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ташаббуси билан “Лойиҳалар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир журналистика соҳаси ривожи, журналистларнинг касбий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий медиа муҳитида янги ташаббусларни илгари суришга қаратилган лойиҳалар тақдимотига бағишланди.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси томонидан соҳанинг долзарб масалаларини ўрганиш ва журналистикани ривожлантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида март-май ойлари давомида республика худудларида 50 га яқин тадбирлар ўтказилди. Уларда минг нафарга яқин журналист, медиа-эксперти ва соҳа вакили иштирок этди.
“Лойиҳалар куни” тақдимот маросими ўтказилган тадбирлар давомида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларга асосан ишлаб чиқилган лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил қилинди.
[gallery-29759]
Тадбирда иштирокчилар бир қатор янги ташаббус ва лойиҳалар билан таништирилди. Жумладан, Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг янгиланиш концепциясида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал ахборот макони шароитида Уюшмадан талаб этилаётган янги компетенциялар, замонавий медиа ёндашувлари ҳамда соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари акс этган.
Тадбирда Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг Этика комиссиясини ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Тақдимот давомида комиссиянинг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари, иш тартиби ҳамда журналист этикаси ва касбий масъулиятини мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида маълумот берилди.
Журналистларга ҳуқуқий-психологик ёрдам марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу марказ фаолияти журналистларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шунингдек, касбий фаолият давомида юзага келадиган турли муаммолар бўйича амалий ва психологик кўмак кўрсатишга қаратилган.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси “Блогерлар кенгаши”ни ташкил этиш лойиҳасини ҳам тақдим этди. Мазкур ташаббус блогерлик фаолиятини ривожлантириш, блогерлар медиа саводхонлигини ошириш, профессионал медиа майдонда блогерлар ва давлат идоралари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан оммавий ахборот воситалари учун тақдим этилаётган янги имкониятлар тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда ОАВларнинг давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари танловларида иштирок этиш тартиби, молиялаштириш механизмлари, лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш ва тақдим этиш жараёнлари ҳамда амалдаги қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳақида маълумот берилди.
Қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлган ушбу тадбирда журналистлар, блогерлар, медиа соҳаси вакиллари, мутахассислар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
“Лойиҳалар куни” медиа соҳаси вакиллари учун янги имкониятлар, ҳамкорлик алоқалари ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган фикр алмашиш ва мунозара майдонига айланди.
Н.Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА мухбирлари