Медиа ҳафталикдан умид катта
Матбуот – ҳаёт кўзгуси. Бу ибора ҳеч бир замон, давр ва жамиятда ўзгармайди. У босма нашр, электрон шакл, ижтимоий тармоқ кўринишида бўладими, барибир кун нафасини ифодалайди. Бу майдонда кимнинг ахбороти ишончли ва холис бўлса, ўшанга талаб катта ва аслида журналистика тамойилларига айнан шундай услуб мос.
Бундай талабга жавоб бериш учун эса журналист маҳорати етарли, ижодий жамоа ёндашуви малакали бўлиши лозим. Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Контент яратиш маркази жойларда журналист, эркин ижодкор, блогерларга медиа ҳафталик ўтказиб, ўқув -семинарлари ташкил этмоқда. Унинг навбатдагиси 18-22 май кунлари Фарғонадаги ЭКСПО марказида бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан айни кунларда Фарғона вилоятининг шаҳар-туманларида медиа ҳафталик арафасида фахрий ва ёш журналистлар билан давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда. Бувайда туманидаги мулоқотда умрини шу касбга бағишлаган фахрийлар, “Бувайда кўзгуси” таҳририяти ижодий жамоаси аъзолари, ёш журналистлар ҳамда ёзувчи-шоирлар, ижод аҳли вакиллари иштирок этишди. Улар матбуотнинг жамият олдидаги мажбурият ва масъулияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Таъкидландики, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳар жабҳада катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Аммо уларнинг туб моҳиятини халққа етказишда журналистлар мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланмаяптилар. Айниқса, бугунги электрон воситалар ривожланган даврда янги ва хилма-хил видеоконтентлар яратиш лозим. Уларда ватанпарварлик руҳини акс эттиришга устуворлик бериш талиб этилади.

Давра суҳбатида оммавий ахборот воситалари, айниқса,босма нашрларда юзага келган муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Уларни давлат миқёсида қўллаб-қувватлашни кучайтириш масаласи юзасидан таклифлар айтилди.

Журналист ва ижод аҳли Фарғонада бўладиган медиа ҳафталикдан умидлари катта эканини билдиришди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/QyuOWLpGc5o?si=hCsz5LXWM2SkkHIp" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА