“MED-EL” компанияси кохлеар имплантация учун жарроҳлик ечимлар мажмуасини тақдим қилади
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Абдуманнон Абдуқаюмов бошчилигидаги юртимиз делегациясининг Австрияга сафари чоғида Европанинг энг нуфузли таълим муассасаларидан бири — Вена тиббиёт университети билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, кадрлар тайёрланади ва малакаси оширилади. Яъни, ўзбек шифокорлари учун Венада Fellowship ўқувлари ва стажировкалар ташкил этилади. Австриялик профессорларнинг Тошкентга ташрифи ташкил қилинади.
Вена тиббиёт университети таркибидаги Medical University of Vienna International (MUVI) ва St. Anna Болалар шифохонаси билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб борилади.
Соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш, шу жумладан, сифат менежменти тизимлари, бемор хавфсизлиги асослари ва клиник бошқарув механизмларини жорий этишда ҳамкорлик қилинади.
Бундан ташқари, ташхислаш ва даволашнинг Европа протоколлари ҳамда стандартларини юртимизда жорий этиш масаласи ҳам қамраб олинган. Шунингдек, Ўзбекистон педиатрия хизмати амалиётига Европанинг етакчи касбий жамиятлари тавсияларига таянган клиник протокол ва стандартларни изчил татбиқ этиш кўзда тутилган.
Меморандумнинг имзоланиши Педиатрия марказининг халқаро илмий ва клиник ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади.
Маълумот учун, Вена тиббиёт университети Европа ва дунёдаги энг қадимги, йирик ва нуфузли олийгоҳлардан бири ҳисобланади. Ушбу таълим муассасаси таркибида Австриянинг энг йирик академик тиббиёт маркази — Вена университети клиникаси бўлиб, таълимни клиник амалиёт билан бирлаштирган етакчи тадқиқот маркази ҳисобланади.
Шунингдек, ташриф доирасида эшитиш имплантларини ишлаб чиқариш борасида жаҳонда етакчи бўлган “MED-EL” компанияси билан ҳам музокаралар ўтказилди. Натижада кохлеар имплантация учун замонавий юқори аниқликдаги жарроҳлик ечимлар мажмуасининг марказга тақдим қилинишига келишиб олинди.
Ушбу мажмуа Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларига ҳали олиб келинмаган ва Педиатрия маркази минтақада унга эга бўлган биринчи тиббиёт муассасасига айланади.
Бу болалардаги оғир сенсоневрал эшитиш қобилияти пасайишида эшитишни протезлаш миллий дастурини Европанинг етакчи марказлари даражасига кўтариш, операцияларнинг максимал даражада хавфсизлигини таъминлаш ва қолдиқ эшитишни сақлаб қолиш имконини беради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА