Меҳмон дугонасининг тилла тақинчоқларини ўмарди
Кўнгилсиз бу ҳолатдан турли шубҳаю-гумонларга борган Нилуфар воқеа ҳақида туман ички ишлар бўлимига мурожаат этиб, номаълум шахс тилла буюмларини ўғирлаб кетганини хабар беради.
Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги Нурли диёр маҳалласида яшовчи Нилуфар Тошева (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг уйдаги гарнитури ичидан кутилмаганда қиймати 8 миллион сўмлик тилла тақинчоқлари ғойиб бўлади.
Кўнгилсиз бу ҳолатдан турли шубҳаю-гумонларга борган Нилуфар воқеа ҳақида туман ички ишлар бўлимига мурожаат этиб, номаълум шахс тилла буюмларини ўғирлаб кетганини хабар беради.
Тезкор ҳаракатлар натижасида ашёвий далиллар билан қўлга олинган тилла ўғриси Н.Тошеванинг Ангор туманидаги Новшаҳар маҳалласида яшайдиган 19 ёшдаги дугонаси Назокат Очилова бўлиб чиқди.
Суриштирув хулосасига кўра, дугонасини сўроқлаб, қўшни тумандан меҳмонга келган Назокат шу куни хонадон эгаларининг кўзини шамғалат қилиб, Нилуфарнинг бир жуфт тилла сирғаси, икки дона тилла узуги ва бир дона аёллар тилла занжирини сездирмасдан олиб кетган экан.
Жарқўрғон тумани Истиқлол маҳалласида яшайдиган 35 ёшдаги Гулрухсор Тожиева ҳам уйидаги сейфидан 22 миллион сўмлик тилла тақинчоқларини йўқотиб қўйди. Бу ҳақда туман ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат этгач, орадан уч кун ўтиб, ўғри ушланди. Қораёнтоқ маҳалласилик 20 ёшли Сирожиддин Суҳробов ўмарилган тилла тақинчоқлар билан қўлга тушди.
Айни пайтда ҳар икки ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.