МДҲ Ташқи ишлар вазирлари Москвада тўпланди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Москвада бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди.
Таъкидланишича, йиғинда қўшма саъй-ҳаракатлар натижалари сарҳисоб қилиниб, узоқ муддатли истиқбол учун аниқ режалар ва устувор йўналишлар белгилаб олинган. Шунингдек, жорий йил октябрь ойида Туркманистонда ўтказилиши режалаштирилган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига тайёргарлик масалалари ҳам батафсил муҳокама қилинган.

– Мазмунли музокаралар давомида ҳамкасбларимиз билан кўп томонлама шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган 10 та қарорни келишиб олдик ва қабул қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг телеграм каналида. – Ушбу ҳужжатлар давлатларимиз ўртасидаги яқинликни янада кучайтириш, барқарорликни таъминлаш ҳамда МДҲ маконида изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун мустаҳкам замин яратишига ишонамиз.

Шунингдек, сафар давомида вазиримиз “Марказий Осиё + Россия” форматида ташқи ишлар вазирлари учрашувида ҳам иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия вакиллари олти томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, уни янада ривожлантириш бўйича таклифларни муҳокама қилишди. Хусусан, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қолаверса, “яшил” энергетика, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби йўналишларга урғу берилди. Халқаро вазиятнинг беқарорлиги ортиб бораётган шароитда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш учун саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

– Биз конструктив руҳда ўтган мулоқотларни юқори баҳолаймиз ва бу келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз, – дея хулоса қилади Б.Саидов ўз ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ўткир Алимов, ЎзА