Мажбурий меҳнатнинг асосий сабабларидан бири ишсизликдир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормасини белгилайдиган Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормасини белгилайдиган Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.
Таъкидлаш жоизки, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти, жамоатчилик ташкилотлари, ҳуқуқ ҳимоячилари билан самарали ҳамкорлик тизими йўлга қўйилган.
Бу ҳақда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги – 2019” доирасида журналистлар учун ташкил қилинган семинар-тренингда маълум қилинди.
Унда қайд этилганидек, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан баъзан мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари учраб турибди.
Мутахассислар фикрича, мажбурий меҳнатнинг асосий сабабларидан бири ишсизликдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқларига эга экани белгилаб қўйилган.
“Зўраки ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенцияга ҳар қандай шаклдаги зўраки ёки мажбурий меҳнат қўлланилишини бартараф этиш юзасидан мажбуриятлар киритилган. ХМТ Конвенцияси 29-сонида эса “Мажбурий меҳнат” атамаси ихтиёрий равишда хизматларини таклиф этмаган ҳар қандай шахсдан ҳар қандай жазолаш таҳдиди остида талаб қилинадиган ҳар қандай иш ёки хизматни англатади.
Ходим ва иш берувчини меҳнат муносабатлари тушунчалари ўзаро боғлаб туради. Ишчи иш шароитлари тўғрисида барча маълумотларга эга бўлиши шарт ва унга ихтиёрий равишда розилигини бериши керак. Қайд этиш лозимки, ходимни яратилган иш шароитларидан хабардор қилишда ҳеч қандай ёлғон ёки фирибгарликка йўл қўйилмаслиги шарт, розилик эса, таҳдид ёки мажбурлаш орқали олинмаслиги керак.
Айрим ҳолларда турли амалиётчилар эксплуатация ёки жуда оғир меҳнат шароитларидаги ишларни мажбурий меҳнат деб ҳисоблайдилар.
Мажбурий меҳнат – бу меҳнат қонунчилигига риоя этмаслик ва муносиб иш шароитларини яратиб бермаслик каби оддий меҳнат қонунчилигини бузишдан кўра оғир бўлган ҳуқуқбузарликдир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий жараёнларга нисбатан масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб, жамоатчилик назорати механизми тобора кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу омил мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклларига қарши курашда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлиги натижасида мазкур ташкилотнинг 17 та, жумладан, 8 та асосий конвенцияси ратификация қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотлари экспертларининг бевосита иштирокида қишлоқ хўжалигида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мониторинги олиб борилмоқда.
Амалга оширилган чора-тадбирлар болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш, шунингдек, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик учун мустаҳкам қонунчилик базасини шакллантириш имконини беради.
Фуқаролар томонидан келиб тушадиган мурожаатларни тезкорлик билан кўриб чиқиб, мажбурий меҳнатни бартараф этиш ва айбдорларга нисбатан чоралар кўриш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан “1176” қисқа рақамли ишонч телефон ҳамда “www dmi mehnat.uz” сайти ташкил этилган бўлиб, ушбу мурожаатлар бўйича ўрганишлар ўтказилиб, фуқароларни бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, тегишли тушунтириш ва маслаҳатлар берилмоқда.
– 2019 йил пахта йиғим-терим вақтида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2 минг 979 мониторинг ўтказилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутахассиси Қудратилло Одинаев. – Ушбу мониторинглар давомида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 259 шахсга ( шундан 132 таси пахта мавсумида) нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига кўра маъмурий жарималар қўлланилди. Мажбурий меҳнатнинг келиб чиқиш сабаблари ва имкон яратган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида турли ташкилотлар раҳбарлари номига Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 225 ёзма кўрсатма киритилди.
Семинар-тренинг давомида “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова ва “Human Righhts Watch” халқаро ҳуқуқ ташкилоти вакили Стив Свердлов интерактив усуллларда машғулотлар ўтказди.
