Мавсумий хавфлар, замонавий тиббиёт ютуқлари ва менингитга қарши глобал кураш стратегияси
Тиббий маданият
Ҳар қандай соғлом ва барқарор жамиятда энг муҳим омиллардан бири аҳолининг тиббий маданияти, касалликларнинг олдини олиш борасидаги ҳушёрлиги ва ўз вақтида кўрилган профилактик чоралар ҳисобланади. Айниқса, куз-қиш мавсуми кириб келиши, ҳаво ҳароратининг пасайиши ва биноларнинг ички қисмида одамларнинг зич тўпланиши шароитида ўткир юқумли хасталиклар, жумладан, асаб тизимининг оғир шикастланишлари билан кечувчи инфекциялар фаоллашиши кузатилади. Тиббий кузатувларга, совуқ кунларда нафас йўлларининг ҳимоя тўсиқлари заифлашиши ва мактаблар, боғчалар ҳамда олий ўқув юртларида ўқув жараёнларининг бошланиши менингит каби ҳаво-томчи орқали юқувчи хавфли инфекцияларнинг тарқалиш эҳтимолини сезиларли даражада оширади.
Мазкур хасталикнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у бирор бир ягона қўзғатувчига эга эмас, балки вируслар, бактериялар ва ўта кам ҳолларда замбуруғлар каби турли инфекциялар асорати сифатида кутилмаганда ва шиддат билан ривожланиши мумкин. Айниқса, бактериал турларининг жуда қисқа фурсат ичида организмни издан чиқариши хавфи мавжудлиги боис, жамоатчиликнинг илк аломатлардан хабардор бўлиши ва кечиктирмасдан мутахассисларга мурожаат қилиши ҳаётни сақлаб қолувчи ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи эпидемиология мутахассисларининг глобал таҳлилларига кўра, дунё миқёсида ҳар йиллик бактериал менингит ҳолатлари юз минглаб инсонларнинг ҳаётига хавф солади. Сўнгги йиллардаги статистик кўрсаткичларни таққослаганда тиббиёт тизимигача бўлган даврларда баъзи ўта хавфли менингoкокк штаммларида ўлим кўрсаткичи 50 фоиздан ҳам ошиб кетиши мумкин эди. Бироқ, замонавий антибиотикотерапия, реанимация ва интенсив терапия стандартларининг жорий этилиши натижасида ривожланган давлатларда умумий ўлим кўрсаткичи 10-15 фоиз атрофигача камайтирилди. Шунга қарамай, касалликка чалинган беморларнинг учдан бир қисмида эшитиш қобилиятининг пасайиши, неврологик асоратлар ёки бошқа жиддий соғлиқ муаммолари сақланиб қолиши мумкинлиги бу хасталик нақадар жиддий эканини яққол кўрсатади.
Мамлакатимизда ҳам соғлиқни сақлаш тизимининг изчил ривожлантирилиши, эпидемиологик назоратнинг кучайтирилиши ва аҳолини ўз вақтида эмлаш чора-тадбирлари ушбу хавфли кўрсаткичларни кескин пасайтиришга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг январь-март ойларида 174 киши менингококк инфекцияси билан рўйхатга олинган. Улардан 168 нафари — болалар. Аҳоли, айниқса, болалар орасида ушбу инфекция кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида 8024 доза вакцина харид қилиниб, беморлар билан мулоқотда бўлган беш мингдан нафар фуқаролар эмлаш билан қамраб олинган.
Касалликнинг дастлабки босқичида кузатиладиган юқори иситма, кучли ва одатдагидан кескин фарқ қиладиган бош оғриғи, қайта-қайта қусиш, ёруғликка нисбатан ўта сезувчанлик, кучли уйқучанлик ёки аксинча, безовталик, шунингдек, бошни олдинга эгишдаги механик қийинчилик ҳамда теридаги кўкаришга ўхшаш тўқ рангли тошмалар каби белгилар зудлик билан шифокор кўригини талаб этади. Айниқса, кичик ёшдаги болаларда овқатдан қатъиян бош тортиш, ўта тинимсиз ва фарқли йиғлаш, ҳаддан ташқари ҳолсизлик ёки бошни орқага ташлаб туриш ҳолатлари кузатилса, ота-оналар ҳеч қандай ички гумонлар ёки вақт ўтишини кутиш билан чекланмасдан дарҳол тиббий ёрдамга таянишлари шарт. Агар таълим муассасаси ёки болалар боғчаси гуруҳида бирор кишида шубҳали ҳолатлар қайд этилса, жамоавий тарзда профилактик чораларни кўриш, касаллик аломатларининг пайдо бўлишини кутиб ўтирмасдан зудлик билан шифокорга хабар бериш зарурлиги эпидемиологик хавфсизликнинг асосий талабидир.
Замонавий тиббиёт фани ва фармакологиянинг энг буюк ютуқларидан бири, инсониятни ўлимдан ва оғир асоратлардан сақлаб қолувчи юқори самарали вакциналардир. Инновацион иммунология туфайли ишлаб чиқилган пневмакок вакцинаси (ҳаётнинг 2, 3 ва 12 ойликларида), беш ёшгача бўлган болалар учун ҳаётни сақлаб қолувчи Hib вакцинаси ҳамда менингoкокк инфекциясига қарши махсус препаратлар глобал миқёсда миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолмоқда. Шунингдек, эпидемиологик кўрсатмаларга кўра, хавфли ўчоқларда бемор билан яқин мулоқотда бўлган шахсларга замонавий антибиотиклар воситасида кимёвий профилактика ўтказилиши касалликнинг кейинги тарқалишини 100 фоизга яқин тўхтатиш имконини беради.
Мутахассисларнинг эслатишича, бутунлай барча турдаги қўзғатувчилардан бир вақтнинг ўзида ҳимоя қилувчи ягона вакцина мавжуд эмас. Шунинг учун ҳимоя асосий инфекцияларга қарши комплекс эмлашлар тизими орқали амалга оширилади. Болалар, ўсмирлар, талабалар, ётоқхона шароитида яшовчи шахслар, сурункали хасталикларга чалинганлар ҳамда иммунитети пасайган инсонларнинг совуқ мавсум олдидан ўз вақтида эмланиши ўзи ва атрофидагиларнинг ҳам хавфсизлигини таъминлашнинг энг ишончли кафолатидир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА