Матонатли шахматчимиз Болгарияда жаҳон чемпиони бўлди
Болгариянинг София шаҳрида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи шахматчилар ўртасида ўтказилган “4th IBSA World Chess Championship Underway in Sofia” мусобақасида мамлакатимизнинг матонатли шахматчиси тарихий ютуққа эришди.
Тўртинчи бор ташкил этилган Жаҳон чемпионатида 10 дан зиёд давлатнинг 30 нафарга яқин иродали шахматчилари иштирок этди.
Баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Аҳадхон Кимсанбоев 9 та турдан иборат ўйинларда 7 очко жамғариб, қўшимча кўрсаткичлар эвазига жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлди. 2-ўринни мўғулистонлик Предраг Никац, 3-ўринни Нургиса Куанишули эгаллади.
Мусобақа давомида барқарор ва юқори савияда ўйин намойиш этган Аҳадхон Кимсанбоев 5 та ғалаба ва 4 та дуранг натижа қайд этди.

Шунингдек, жаҳон чемпионатида иштирок этган терма жамоамиз аъзоларидан Аббосхон Аҳмадхонов 5 очко билан 11, Сабоҳат Икромалиева 4,5 очко билан 18, Зуҳра Олимжонова 4 очко билан 23, Мухсина Мадаминова 3 очко билан 27-поғонадан жой олди.
Миллий пара спортимиз тарихида янги саҳифа очган матонат ва ирода соҳиби бўлган пара шахматчиларимиз делегацияси бугун тунда Тошкентга қайтиб келади.
Т.Рўзиев,
ЎзА