Масъуллар чорвадорларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганди
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан яйловлардан самарали фойдаланиш ва чорвачиликни ривожлантиришга бағишланган республика миқёсидаги кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда яйловлардан самарали фойдаланиш ва чорвачиликни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда жами 21,1 миллион гектар яйлов майдони мавжуд бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича муҳим тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Навоий вилоятида бўлиб ўтган тадбирда яйловларни тиклаш, уларнинг ҳосилдорлигини ошириш ва чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берилди. Келгусида бажарилиши режалаштирилган ишлар ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Ҳудудлар вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш ёндашувларини муҳокама қилди. Бу мулоқот яйлов хўжаликлари раҳбарлари, чорвадор ва тадбиркорлар ўртасида кенг кўламли амалий тажриба алмашиш имконини берди.
Тадбир давомида Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси масъуллари чорвадорларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганди. Уларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, яйловлардан фойдаланиш, сув таъминоти ҳамда озуқа етиштириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Президентнинг яйлов ерларидан самарали фойдаланиш ва чорвачилик хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори мазмун-моҳияти тушунтирилди. Савол-жавоб давомида иштирокчилар қарор юзасидан батафсил тушунтиришлар олди.
Семинарнинг амалий қисмида дронлар ёрдамида яйловларга ишлов бериш ва уруғ сепиш технологиялари тақдим этилди. Яйлов ўсимликлари қопламини тиклашда ушбу қурилмалардан фойдаланиш имкониятлари намойиш қилинди.
Шунингдек, ПИВОТ усулидаги сув тежовчи суғориш технологияси орқали озуқа экинларини етиштириш тажрибаси кўрсатилди. Иштирокчилар яйловлар деградациясининг олдини олишга қаратилган ишлар ва чорвачилик лойиҳалари билан танишди.
Семинар бажарилган ишларни таҳлил қилиш, истиқболдаги режаларни муҳокама этиш ва ҳудудлар ўртасида тажриба алмашишни бирлаштирган амалий мулоқот майдони бўлди.
Гулноза Бобоева,ЎзА