Масъулият ва назорат: Таркибий тузилмалар фаолияти таҳлил қилинди
“Ўзбекгидроэнерго” АЖда назоратдаги топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда таркибий тузилмалар фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган навбатдаги таҳлилий-танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда департаментлар, бошқармалар ва бўлимлар томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, назоратдаги вазифалар ижросининг жорий ҳолати муҳокама этилди. Хусусан, ижро муддати яқинлашган топшириқлар, белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши ҳамда уларнинг самарадорлиги юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, йиғилиш баёнлари ҳамда жамият раҳбарияти томонидан берилган топшириқларнинг бажарилиш ҳолати кўриб чиқилди. Шунингдек, гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини сақлаш, сел-сув тошқинлари мавсумида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Таҳлиллар натижасида айрим йўналишларда ишларни янада жадаллаштириш, ижро интизомига қатъий риоя қилиш ва топшириқлар бажарилиши устидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Масъул раҳбарларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ҳар бир вазифанинг натижадорлигини таъминлаш ва белгиланган муддатларга сўзсиз амал қилиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида таркибий тузилмалар раҳбарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, назоратдаги вазифалар бўйича таҳлилий ишларни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА