“Маснавийдан таралган ёғду”
Инсоният маънавий-маърифий ҳаётининг, Бадиий Сўз дунёсининг Одам Ато ерга тушгандан то шу кунга қадар яшаб ўтган, яшаётган султонлари бор.
Улар катта-катта даврлар руҳини ўзларида мужассам этади. Жалолиддин Румий ана шундай Сўз султонларидан биридир.
Бугун Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона марказида мавлононинг Сўз тожидаги гуҳари шариф бўлмиш асари “Маънавий маснавий”га бағишлаб “Маснавийдан таралган ёғду” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Республика Маънавият ва маърифат маркази томондан ташкил этилган ушбу тадбир доирасида “Ойдин” нашриётида чоп этилган “Маънавий маснавий” (Одил Икром таржимасида) ҳамда ушбу асар асосида болалар учун тайёрланган “Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар” китобларининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси, шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи ўз кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг Филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева, атоқли ёзувчи, Халқаро Чингиз Айтматов академияси академиги Нурали Қобул, таниқли ёзувчи, киноценарист, кинорежиссёр Мирзапўлат Тошпўлатов, шоира, таржимон Гўзал Бегимлар сўзга чиқиб, янги таржима ва янги нашрнинг аҳамияти хусусида фикр юритдиладилар.

Устоз шоир ва таржимон Мирзо Кенжабекнинг электрон тармоқ орқали йўллаган табрик нутқи эса тадбирга ўзгача руҳ бахш этди. Унда, жумладан, шундай сўзлар ёзилган эди:
“Баъзи китобларда ёзилганки, шеърий иқтидор сўз аҳлидан бўлган валий зотларга ато этилган кароматдир, Илоҳий икромдир. Шубҳасиз, “Маснавий” асари ана шундай каромат маҳсули.
Бас, демак, “Маснавий” таржимаси мутаржимдан юксак даражадаги поклик ва покизаликни, ихлос ва муҳаббатни талаб этади.
Жаҳоннинг энг улуғ асарларининг бошқа тилларга қайта-қайта таржима қилиниши табиий ва зарурий ҳодисадир.
Бу кун жаҳоннинг шоҳ асарларидан бўлмиш “Маснавий маънавий” асарининг Одил Икром таржимасидаги нашрининг тақдимоти бўлаётир. Бу таржиманинг яхши хусусиятларидан баъзилари ушбулардир:
1. Одил Икром шеърий асарни имкон борича туркийлаштиришга, яъни туркий-ўзбекча муқобил сўзлар билан содда ва равон ифодалашга ҳаракат қилган.
2. Мажоз ва ҳақиқат ҳикматларини, ирфоний-маърифий ифодаларни маънога мос ўгиришга интилган.
3. Олдинги таржимада йўл қўйилган баъзи жузъий саҳвларни ислоҳ қилишга уринган (бу фарқлар мутаржимнинг ижтимоий тармоқда эълон қилинган таржима хусусиятлари борасидаги суҳбатида анча батафсил баён этилади).
Одил Икром истеъдодли, меҳнакаш, бетамаъ таржимон. Унинг ҳали нашр этилмаган асарлари бор. Муборак “Маснавийи-маънавий” тақдимоти сабаби билан мутаржимга ва муҳаббатли мухлисларга сидқидилдан табрик айтаман, таржимани янада такомиллаштириш йўлида унга муваффақият тилаб қоламан”.

Тадбирнинг иккинчи қисми “Маънавий маснавий”нинг таржимони ҳамда болалар учун тайёрланган нашрининг насрий баёни муаллифи, шоир Одил Икром ва ушбу китобларнинг муҳаррири, болалар нашрининг лойиҳа муаллифи, шоира Ойдиннисо билан ижодий мулоқотга айланиб кетди. Ойдиннисо “Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар” китоби тўғрисида гапираркан, жумладан, шундай деди:
– “Маъанавий маснавий”га муҳаррирлик қилиш жараёнида кўпгина болаларбоп ҳикоятларни ўқидим. Уларни аслидаги каби шеърий шаклда болалар тушунмасди. Болаларбоп ҳикоятларнинг ифода услубини соддалаштириб, насрий баён қилиш мумкинлигини ўйладим. Бу фикр таржимонга ҳам маъқул бўлди. Шундай қилиб, сўз салтанатига, донишмандлик ва тасаввуф оламига сафар қилиш учун кичкинтой китобхонларни ҳам чорладик.


Тадбир иштирокчилари таржимон ва муҳаррирдан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
ЎзА