Марокаш делегацияси учрашувлари
Марокаш Подшоҳлиги Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги бош котиби Муния Бусетта хоним бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида учрашув бўлиб ўтди.
Марокаш Подшоҳлиги Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги бош котиби Муния Бусетта хоним бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида учрашув бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари А.Қодиров меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида қисқача маълумот берди.
Мамлакатимиз парламенти фаолияти, қонун ижодкорлиги, қўмиталар ва фракциялар иш услуби, соҳадаги янгиликлар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги иштироки юқори баҳоланди. Ўзбекистон – Марокаш ҳамкорлигини сиёсий-ҳуқуқий, савдо-иқтисодий соҳаларда фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди. Бунда парламентлараро ҳамкорлик имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим ўрин тутади.
Учрашув сўнггида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашдаги интилишларни рўёбга чиқариш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
Шу куни Ўзбекистон ва Марокаш Подшоҳлиги ташқи сиёсат идоралари ўртасида маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтди.
Унда вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг янги шакли кун тартибидаги барча масалаларни мунтазам равишда муҳокама қилиш ва ҳамкорликнинг устувор йўналишларига эътибор қаратиш имконини бериши қайд этилди.
Мулоқот чоғида икки томонлама, шунингдек, БМТ, ИҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди. Ўзаро ҳамкорлик йўналишлари, жумладан, халқаро майдондаги муҳим масалалар бўйича мамлакатларимиз қарашлари яқин ёки ўхшашлиги таъкидланди. Бу, ўз навбатида, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш имконини беради.
Тадбирда Ўзбекистон – Марокаш муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, уларга узоқ муддатли, кенг қамровли ва тизимли тус беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурлигига эътибор қаратилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Марокаш ҳукуматлараро комиссиясини тузиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Марокаш компанияларининг Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Икки давлат илмий муассасалари ҳамкорлигида ислом дини меросини ўрганиш бўйича муносабатларни йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, марокашлик мутахассисларнинг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази фаолиятида иштирок этиши юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида маслаҳатлашувлар ва ҳамкорлик бўйича баённома ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Марокаш дипломатия академияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.