Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё минтақаси стратегик жойлашуви ва бошқа кўплаб имкониятлари сабабли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу сабабли бу ҳудудда содир бўлаётган воқеа ҳодисалар кўпчиликка қизиқ. Қуйида минтақамизда яқин кунларда содир бўлган муҳим янгиликлар ҳавола этилади.
Қирғизистон тарихда биринчи марта ўз миллий валютасини чоп этишни бошлади

Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат илгари миллий валютасини чоп этиш учун хорижий давлатларга буюртма қилиши керак эди.
– Энди ҳамма нарса ўзгарди: биз бошқа ўлкалар учун валютани ўзимиз сўров бўйича чоп этишимиз мумкин бўлган даражага етдик. Биз валюта ишлаб чиқариш учун барча зарур стандартлар ва талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи халқаро сертификат олдик, -деб ёзган Қирғизистон раҳбари.
Шунингдек, у мамлакат паспортлар, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини юқори сифатда ишлаб чиқаришини таъкидлади.
– Биз нафақат валютани, балки бошқа давлатлар учун турли ҳужжатларни ҳам чоп этишга тайёрмиз. Ҳозирда бир нечта мамлакатлардан буюртмалар қабул қилдик. Ушбу сертификат туфайли маҳсулотларимиз хавфсизлиги энг юқори даражада. Бошқача айтганда, бундай ҳужжатларни қалбакилаштириш мумкин эмас. Нархлар эса ҳамёнбоплигича қолмоқда, -дея қўшимча қилган С.Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ўз тарихида илк марта 2023 йилда ўз миллий паспортларини чоп этишни бошлаган эди. Бундан ташқари, ўтган йилнинг 3 ноябрида ҳукумат янгиланган дизайн ва такомиллаштирилган хавфсизлик хусусиятларига эга умумий фуқаролик паспортлари ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар моделини тақдим этганди.
Қозоғистон ва РФ ўртасидаги савдо ҳажми 2025 йилда пасайди

Қозоғистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар 2025 йилда секинлашув белгиларини кўрсатди. Йил охирига келиб, икки томонлама савдо айланмаси 27,4 миллиард долларни ташкил этди, бу аввалги йилга нисбатан бироз камроқ. Бу рақамларни Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев Остонада мамлакат бош вазири Ўлжас Бектенов ва Россия бош вазири Михаил Мишустин ўртасидаги музокаралардан сўнг эълон қилди.
Таъкидланишича, 2024 йилда икки ўлка ўртасида савдо айланмаси 3 фоиз ўсиб, 27,8 миллиард долларни ташкил этган.
2025 йил учун пасайиш прогнози кенгроқ тенденцияни акс эттиради - ўсишнинг секинлашиши, умумий савдо ҳажми эса нисбатан юқори бўлиб қолмоқда. Пасайишга қарамай, иккала томон ҳам иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича улкан мақсадларни қўйишда давом этмоқда.
Қозоғистон молия вазири ўринбосари Ержан Биржанов электрон юк жўнатмаларини жорий этиш ва Қозоғистон-Россия чегарасидаги 30 та назорат-ўтказиш пунктини модернизация қилиш режаларини баён қилди. Ушбу қадамлар транзит вақтини қисқартириш ва операцион шаффофликни оширишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Тожикистонда бир киши фолбинлик ва жодугарлик учун жаримага тортилди

Тожикистон пойтахтида 38 ёшли эркак фолбинлик ва жодугарлик учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Душанбе шаҳар ички ишлар департаменти хабар берди.
Бу одам ўз уйида “мижозлар”ни қабул қилиб, молиявий манфаатлар учун фолбинлик хизматларини кўрсатган.
Унга қарши Тожикистон Республикаси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 482-моддаси бўйича маъмурий баённома қўзғатилди.
Суд эркакка ҳисобланган ставканинг 80 баравари ёки 6240 сомоний (650 доллар) миқдорида жарима солди.
Г.Сатторова, ЎзА